19:43 / 30.01.2025
441

Дубайда Рамзан Қодиров оиласига тегишли тўртта вилла аниқланди

Дубайда Рамзан Қодиров оиласига тегишли тўртта вилла аниқланди
Дубайда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров оиласига тегишли тўртта вилла аниқланди, деб ёзмоқда “Важние истории” нашри.

Чеченистон раҳбарининг аммаваччаси Шаҳрудди Эдилгириев Дубайда умумий қиймати 20 миллион доллардан ошиқ бўлган тўртта ҳашаматли уйга эгалик қилмоқда.

Шаҳрудди Эдилгириев ва Рамзан Қодиров
Фото: “ВК”/ Рамзан Қодиров

"Бу Бирлашган Араб Амирликларининг (БАА) энг йирик шаҳрида кўчмас мулк ҳақидаги маълумотлар тарқалиши туфайли маълум бўлди", дейилади хабарда.

Журналистлар қўлга киритган маълумотларга кўра, Эдилгириев биринчи виллани 2022 йил декабрь ойида Zabeel Investment қурилиш компаниясидан сотиб олган. Палм-Жумейра сунъий оролидаги 1026 квадрат метрлик кўчмас мулк унга 53 миллион дирҳам ёки 14,4 миллион долларга тушган. Бу усмонийлар услубидаги беш хонали уй — Zabeel Saray меҳмонхона мажмуаси ҳудудида жойлашган “Қироллик виллалари”дан бири ҳисобланади.

Эдилгириев уйни сотиб олишидан олдин бу вилла “ҳашамат, қулайлик ва эксклюзив ёлғизлик” излаётган меҳмонларга ижарага берилган. “Украинская правда” нашрининг аввалги тадқиқотида ёзилишича, Қодиров бу вилладан тахминан 2014 йилдан бери Чеченистоннинг “норасмий элчихонаси” сифатида фойдаланиб келган.

Шу уйда Чеченистон раҳбарининг араб ва мусулмон мамлакатларидаги ўша пайтдаги вакили, Қодировнинг яна бир қариндоши Турко Довудов ҳам истиқомат қилган. Қироллик бирлашган мудофаа тадқиқотлари институти маърузасида таъкидланишича, айнан унинг саъй-ҳаракатлари туфайли Яқин Шарқ давлатлари Украинадаги уруш учун Россияга қарши санкцияларга қўшилмаган.

2023 йил октябрь ойида Эдилгириев Дубайда яна учта ҳашаматли виллани харид қилган. Улар шаҳарнинг қуруқлик қисмида жойлашган бўлиб, уйларнинг умумий қиймати 6 миллион долларга яқин. Эдилгириев – Қодировнинг учта аммаваччаларининг энг кичиги. Улар ҳам Чеченистон раҳбари сингари Сенторой қишлоғида туғилган, уларнинг онаси Рамзаннинг отаси Аҳмад Қодировнинг туғишган синглиси. Ака-укаларнинг энг каттаси Амруди Эдилгириев Чеченистон ҳокимиятида турли лавозимларда ишлаган, ҳозирда эса республикада масжидлар қурилишига масъул ҳисобланади.

Der Spiegel нашрининг маълумотларига кўра, ўртанча укаси Пахруди Эдилгириев Қодировнинг қўриқлаш хизматида ишлаган ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Муҳаммад Абдураҳмоновга суиқасд уюштиришга тайёргарлик кўриш бўйича Европа иттифоқи томонидан қидирувга берилган.

Қодировнинг БАА билан алоқалари мустаҳкам. “Украинская правда”га кўра, биргина 2021—2022-йилларда унинг шахсий самолёти БААга камида 14 марта парвоз қилган. FlightRadar24 маълумотларига кўра, 2023—2024-йилларда Қодировнинг самолёти Дубай ва унинг атрофида камида тўрт марта бўлган. Қодиров Россия президенти Владимир Путинга БААга расмий ташрифлари чоғида бир неча бор ҳамроҳлик қилган, мамлакат президенти шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённи эса “азиз биродар” деб атаган.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг