
Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Пекин Россия ва АҚШ ўртасида Ар-Риёдда «яқинда эришилган консенсус»ни қўллаб-қувватлашини айтди. Бу Хитойнинг юқори мартабали вакилининг Россия-АҚШ музокаралари бўйича биринчи изоҳидир.
«Хитой тинчликка эришишга қаратилган барча саъй-ҳаракатларни, жумладан, яқинда Қўшма Штатлар ва Россия ўртасида эришилган консенсусни қўллаб-қувватлайди ва томонлар ўзаро хавотирларни бартараф этадиган барқарор ва узоқ муддатли ечим топишини кутади. Хитой томонларнинг сўровларига мувофиқ ва халқаро ҳамжамият, айниқса, глобал Жанубнинг хавотирларини ҳисобга олган ҳолда инқирозни сиёсий йўл билан ҳал қилишда бундан кейин ҳам конструктив рол ўйнашга тайёр», — дейилади Ван Ининг баёнотида.
Вазир Пекин ХХР раиси Си Жинпинг 2024 йил апрел ойида таърифлаган тўртта тамойилга мувофиқ «тинчликни фаол тарғиб этаётгани»ни таъкидлаган. Улар «тинчлик ва барқарорликни сақлаш», урушнинг жаҳон иқтисодиётига салбий таъсирини юмшатиш ва камайтириш, таъминот занжирларини узиш зарурлиги ҳақида.
Ван И Йоханнесбургдаги G20 саммитида Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров билан учрашганди. Россия ташқи сиёсат идораси таъкидлашича, учрашувда Украина мавзуси ҳам муҳокама қилинган, бироқ ҳеч қандай тафсилотлар келтирилмаган.
РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 21 феврал куни Владимир Путин яқин вақтлар ичида телефон орқали Си Жинпинг билан мулоқот қилишини билдирди.
Ғарб санкциялари туфайли уларга қўшилмаган Хитой Ғарб бозорлари ва технологияларидан маҳрум бўлган Москва билан савдо алоқаларини сезиларли даражада мустаҳкамлашга муваффақ бўлди. Баъзи таҳлилчилар фикрича, Доналд Трамп маъмурияти Хитойни тийиб туриш бўйича глобал стратегияси доирасида Россиянинг Хитой билан алоқаларини заифлаштириш учун Россия билан муносабатларни яхшилаш йўлини тутган. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар