
Фото: Getty Images
“Сантос” клуби футболчиси Неймар ўзининг машиналар коллекциясини Бразилияга олиб келолмайди, деб ёзади Дарё нашри.
Diario Sport нашрининг ёзишича, Бразилиядан ташқарида 12 йил ўйнаб футболчи ҳашаматли автомобиллар коллекциясини тўплаган. Машиналарнинг салмоқли қисми Саудия Арабистонидаги фаолияти давомида йиғилган.
Футболчининг автоулов паркида Rolls-Royce Ghost (иккинчи авлод), Aston Martin DBX, Bentley Continental GT, Lamborghini Huracan ва тўртта Mercedes-Benz C-Class каби моделлар бор.
Қайд этилишича, унинг энг қиммат автомобиллари “Ал-Ҳилол” билан тузилган шартнома доирасида сотиб олинган. Клуб унга йиллик 160 миллион евро даромаддан ташқари, ҳар томонлама имтиёзлар ҳам тақдим этган.
Бироқ ҳозирда Неймар ўз суперкарларидан фойдалана олмайди. Бразилия қонунчилигига кўра, маҳаллий автомобиль саноатини ҳимоя қилиш ва ноҳақ рақобатнинг олдини олиш учун ишлатилган автомобиллар импорти чекланган. Мамлакатга фақат 30 йилдан ошган ва коллекция буюми сифатида қараладиган автомобилларни олиб кириш мумкин.
Ҳозирча футболчининг автомобиллари қаерда экани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Улар Саудия Арабистонида қолганми ёки уларнинг кейинги манзили қаер бўлиши ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар