19:43 / 28.03.2025
323

Путин ва Эрдўғон Россия-АҚШ мулоқоти ва “Қора денгиз ташаббуси”ни муҳокама қилди

Путин ва Эрдўғон Россия-АҚШ мулоқоти ва “Қора денгиз ташаббуси”ни муҳокама қилди
Россия ва Туркия президентлари Владимир Путин ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўртасида телефон орқали мулоқот ўтказди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.

“Россия президенти Украина можаросини тинч йўл билан ҳал этиш ва Россия-Америка муносабатларини нормаллаштириш бўйича АҚШ билан олиб борилаётган мулоқотни баҳолаш натижаларини баҳам кўрди. Олий ва бошқа даражаларда ўтказилган алоқаларнинг конструктив табиати таъкидланди”, дейилади хабарда.

Президентлар, хусусан, икки мамлакат эксперт гуруҳларининг яқинда Ар-Риёдда ўтказилган маслаҳатлашувлар натижаларини ва 18 мартдан бошлаб 30 кун давомида Россия ва Украина энергетика объектларига зарбалар беришни тўхтатиш бўйича эришилган келишувни муҳокама қилишган.

“Шу билан бирга, Владимир Путин Киев режимининг Россия энергетика инфратузилмасига ҳужум қилиш бўйича давом этаётган провокацион уринишларига эътибор қаратди”, дейилади баёнотда.

“Шунингдек, дастлаб 2022 йил июлда Туркия ва БМТ Котибияти воситачилигида тузилган, аммо амалда амалга оширилмаган хавфсиз денгиз қатнови ва Россия озиқ-овқат ҳамда ўғитлари экспорти йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича “Қора денгиз ташаббуси”ни қайта тиклаш масалалари юзасидан фикр алмашилди”, деб таъкидланади хабарда.

Таъкидланишича, Эрдўғон Россия-АҚШ мулоқотини қўллаб-қувватлашини ва Туркия томонининг “Қора денгиз битими”ни илгари суришга кўмаклашишга тайёрлигини билдирган.

Президентлар суҳбат давомида турли соҳаларда, жумладан энергетика соҳасида стратегик лойиҳаларни илгари суриш каби ўзаро манфаатли Россия-Туркия ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг долзарб масалаларини кўриб чиқдилар.

“Икки томонлама алоқаларнинг ижобий суръатда ривожланаётгани, ўзаро савдо ҳажмининг ортиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди”, дея таъкидланади хабарда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг