
Қуёшда юзага келган катта коронал тешик туфайли яқин кунларда Ер магнитосферасида жиддий ўзгаришлар кузатилади. Бу ҳақда Россия Фанлар академиясининг Космик тадқиқотлар институти ва Қуёш—Ер физикаси соҳасидаги мутахассислар маълум қилди.
Фаоллик қачон бошланади?
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ердаги геомагнит фонидаги барқарорлик 21 апрелгача сақланиб туради. Бироқ душанба, яъни 22 апрель куни кечқурундан фаоллик шиддат билан ортади.
Айнан шу вақтдан бошлаб Ер атмосферасига кучли магнит бўрони ёпирилиб кириши кутилмоқда. Олимлар бундай фаоллик юз бериш эҳтимолини 80 фоизгача баҳоламоқда.
Қайси кунларда энг шиддатли бўлади?
Магнит ғалаёнларининг энг юқори даражаси 23 ва 24 апрель кунларига тўғри келади. Бу вақтда G2 даражасидаги кучли геомагнит зарбалар кузатилиши мумкин. Фақат 25–29 апрель оралиғидагина магнит майдони барқарор ҳолатга қайтиши тахмин қилинмоқда.
Бўрон тахминан икки кун давом этиши мумкин. Унинг биринчи белгилари 21 апрель соат 14:00 дан кейин кузатилади. Кучли геофизик таъсир 22 ва 23 апрель давомида сақланиши, фақат 24 апрель кечки соат 21:00 дан кейин тинчланиши мумкин.
Шу билан бирга, олимлар ҳушёрликка чақирмоқда: коронал тешиклар баъзан кутилмаган қўшимча бўронларга сабаб бўлиши ва уларнинг давомийлиги тахминдан узоқроқ бўлиши мумкин.
Магнит бўронида ўзингизни қандай асраш керак?
Тиббиёт мутахассислари бундай кунларда қуйидагиларга амал қилишни тавсия этмоқда:
- Уйқу тартибини бузмаслик, ёруғ ва тинч муҳитда етарлича ухлаш;
- Спиртли ичимликлар ва ёғли таомлардан узоқлашиш;
- Кун давомида кўп сув ичиш — бу организмнинг барқарор ишлашини таъминлайди;
- Очиқ ҳавода сайр қилиш, енгил жисмоний фаоллик билан танани фаол ҳолатда ушлаб туриш;
- Агар зарур бўлса, шифокор маслаҳатига кўра юрак-қон томир тизимини қўллаб-қувватловчи дорилар қабул қилиш.
Шунингдек, асаб тизимига ортиқча зўриқиш беришдан сақланиш, стрессни камайтириш ҳам жуда муҳим.
Бу биринчи марта эмас
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада ҳам Ер магнитосферасига кучли геомагнит зарбалар таъсир кўрсатган, баъзи одамларда бош оғриғи, асабийлик, уйқусизлик ва умумий чарчоқ кузатилган.
Сиз бу каби магнит бўронларини сезасизми? Танангиз қандай реакция қилади? Мисолларингизни шарҳда қолдиринг! «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар