date
views 2 949

Бугун осмонда ноёб «табассум» пайдо бўлади: кўришни унутманг!

Бугун осмонда ноёб «табассум» пайдо бўлади: кўришни унутманг!
Бугун, 25 апрель кечаси юлдузли осмонга қарашни яхши кўрадиганларни ноёб ва қизиқарли астрономик ҳодиса кутмоқда. Осмонда Ой, Венера ва Сатурн бир чизиқ бўйлаб тизилиб, кулувчи юзга ўхшаш шаклни яратади. Бу ҳақда астрономия соҳасидаги халқаро нашрлар хабар тарқатмоқда.

Бу ҳодисада ойнинг ҳилоли кулувчи оғизни, икки сайёра эса юзнинг кўзларини ҳосил қилади. Аммо бу бизга таниш бўлган идеал эможига унчалик ҳам ўхшамайди. Чунки бу «кўзлар» — Сатурн ва Венера сайёралари Ой атрофида нотўғри текисликда, маълум бир бурчак остида жойлашади.

Сайёраларнинг кўринишини фарқлаш ҳам қийин бўлади. Венера Қуёшга ва Ерга яқинлиги ҳамда ёруғликни кучли акс эттириши сабабли осмонда ярқироқ кўринади. Сатурн эса жуда хира бўлиб, уни фақат яхши кўрувчиларгина сезиши мумкин.

Астрономлар ва қизиқувчилар учун бу ғаройиб осмон ҳодисасини кузатиш яхши имконият бўлади. Табиийки, бундай жозибали ва ноодатий астрономик воқеаларни кузатиб қолиш ҳар доим ҳам имконли бўлавермайди.

Мутахассислар бу ғаройиб ҳодисани яхшироқ кўриш учун шаҳар ёритгичларидан узоқроқдаги очиқ майдонларга боришни тавсия қилишмоқда. Шунингдек, кузатиш учун дурбин ёки телескопдан фойдаланиш ҳам яхшироқ натижани беради.

Ҳаётингизга бироз юмор ва ажойиб ҳис қўшмоқчи бўлсангиз, бугун кечаси осмонга қарашни унутманг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Бугун осмонда ноёб «табассум» пайдо бўлади: кўришни унутманг!