date
views 259

Америкада судья ноқонуний мигрантга ёрдам берганликда айбланди: жамоатчилик эса уни қўллаб-қувватламоқда

Америкада судья ноқонуний мигрантга ёрдам берганликда айбланди: жамоатчилик эса уни қўллаб-қувватламоқда
АҚШнинг Висконсин штатининг Милуоки округида федерал ҳукумат судья Ханна Дуганга жиддий айбловларни қўйди. Федерал терговчилар судьяни одил судлов жараёнига тўсқинлик қилиш ва ноқонуний мигрантни ҳибсдан қочиришга ёрдам берганликда айбламоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Милуоки округ судьяси Ханна Дуган уйдаги зўравонликда айбланган Мексика фуқароси, ноқонуний мигрант Эдуардо Флорес-Руиснинг суд биносидан чиқиб кетишига йўл кўрсатган. Прокуратура таъкидлаши бўйича, судья мигрантни суд биносининг йўлагида кутиб турган иммиграция хизмати ходимлари томонидан ушланишидан ҳимоя қилмоқчи бўлган. Айбловда иммиграция ходимлари суд ордерисиз ҳибсни амалга оширишга уринганлиги қайд этилмоқда.

Бироқ, судьянинг уринишларига қарамасдан, Эдуардо Флорес-Руис ҳуқуқ-тартибот ходимларидан қочиб қутула олмаган. Иммиграция хизмати агентлари уни суд биносидан ташқарида таъқиб қилиб, охир-оқибат кўчада қўлга олган. Ушбу воқеа 18 апрель куни юз берган.

Айбланувчи судья Ханна Дуганнинг қўлга олиниши ҳақида хабар 25 апрель куни жамоатчиликка маълум қилинди. АҚШ бош прокурори Пэм Бонди бу воқеага муносабат билдириб, "Ҳеч ким қонундан устун эмас", – деб ўз фикрини ижтимоий тармоқда ёзиб қолдирди.

Суд жараёни давомида Дуганга расман айблов қўйилиб, кейинчалик уни гаров эвазига қўйиб юборишгани ҳам маълум қилинди. Суд мажлиси пайтида кўплаб намойишчилар суд биноси ташқарисида йиғилиб, Дуганни зудлик билан озод қилишни талаб қилишди, деб хабар бермоқда Reuters агентлиги.

Ушбу воқеа АҚШ жамоатчилиги орасида катта норозилик ва баҳсларга сабаб бўлди. Бир қатор Америка минтақалари раҳбарлари ва жамоат арбоблари Ханна Дуганни очиқчасига қўллаб-қувватлашди. Судьянинг ҳаракатларини тўғри деб ҳисобловчи инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳам унинг ҳимоясига чиқиб, Дуганнинг инсонпарварлик мақсадида ҳаракат қилганини таъкидламоқда.

Бу ҳолат мамлакатдаги миграция сиёсати ва унинг ижроси бўйича кескин муҳокамаларни янада авж олдирди. Айниқса, АҚШдаги суд органлари ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг иш услуби ҳамда уларнинг инсон ҳуқуқларига муносабати масаласи яна бир бор диққат марказига чиқди.

Миллий ва халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари бу ишни диққат билан кузатиб, судьяга қарши очилган ишнинг натижалари мамлакатдаги бошқа шунга ўхшаш ҳолатларга ҳам таъсир кўрсатиши мумкинлигини қайд этишмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Америкада судья ноқонуний мигрантга ёрдам берганликда айбланди: жамоатчилик эса уни қўллаб-қувватламоқда
-->