
5 май, душанба куни Германия пойтахти Берлин шаҳридаги тарихий Бендлерблок ҳарбий мажмуасининг кенг ва тантанали ҳовлисида мамлакат канцлери Олаф Шолцни расман истеъфога кузатиш маросими бўлиб ўтди. Анъанавий тарзда ўтказиладиган ва мамлакатнинг энг муҳим сиёсий тадбирларидан бири саналган «Буюк оқшом шон-шуҳрати» (Der Große Zapfenstreich) номли расмий хайрлашув маросимида Шолц сўнгги марта канцлер сифатида нутқ сўзлади.
Ўз чиқиши давомида Олаф Шолц ҳамжиҳатлик, бирдамлик ва демократия тамойилларига садоқатни яна бир бор таъкидлади. У мамлакатдаги ҳукумат алмашинувини демократиянинг муҳим ва ўзига хос тимсоли сифатида баҳолади.
«Ҳокимиятнинг маданий, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитида ўтказилиши, айнан Германияда бўлаётганидек, аслида оддий ҳолат эмас. Шу сабабли биз демократия қадриятларини ва улар билан боғлиқ цивилизациялашган сиёсий мулоқотни ҳар доим қадрлашимиз лозим. Бу жуда муҳим ва ноёб бойликдир», — деб қайд этди канцлерлик лавозимини тарк этаётган сиёсатчи.
Шунингдек, Шолц демократик давлатларда юқори лавозимлар ҳар доим вақтинчалик бўлишини таъкидлади: «Демократияда мансаблар вақтинчалик ва маълум муддатга берилади. Биз дунёдаги кўплаб авторитар тизимлардан айнан шу билан фарқ қиламиз ва буни ҳамиша эсда сақлашимиз керак».
Канцлер ўз лавозимини қабул қилиб олаётган Фридрих Мерцга муваффақият ва омад тилаб, унга бу масъулиятли вазифани енгил ва муваффақиятли бажаришини айтди. «Фридрих Мерцга омад, куч-қувват ва барча ишларда енгиллик тилайман», — дея самимий истакларини билдирди Шолц.
Маросимнинг якунида Олаф Шолц Германия федерал канцлери сифатида хизмат қилиш унинг учун нафақат катта масъулият, балки улкан шараф бўлганини ҳам таъкидлаб ўтди.
Мазкур тантанали тадбирда 300 нафардан ортиқ аскар ва офицерлар, шунингдек, федерал президент Франк-Валтер Штайнмайер ҳамда лавозимга киришиш арафасида турган янги канцлер Фридрих Мерц ҳам иштирок этди.
Маросимда Бундесвер оркестри Германиядаги қадимий ва гўзал анъаналарга мувофиқ истеъфога чиқадиган канцлер томонидан махсус танланган учта мусиқий композицияни ижро этди. Бу галги тадбирда Олаф Шолцнинг танлови турли замонлар ва турли жанрларни ўзида мужассам этган, кенг маънога эга бўлган қўшиқларга тушган эди. Хусусан, афсонавий Beatles гуруҳининг машҳур In My Life, буюк композитор Иоганн Себастьян Бахнинг концертларидан бири ҳамда жаҳон саҳнаси юлдузи Арета Франклиннинг Respect деб номланган классик хит қўшиғи ижро қилинди.
Бу ёрқин ва хотиржамлик билан ўтган маросим Германиянинг сиёсий анъаналаридан бири сифатида тарих саҳифаларига муҳрланди ва демократиянинг барқарорлиги, сиёсий мулоқотнинг олий маданияти сифатида кўрсатилмоқда. Олаф Шолц ўз лавозимини эгаллаган пайтдан бошлаб ҳам, уни тарк этаётган шу дақиқаларга қадар ҳам сиёсий ҳурмат ва маданиятни юқори даражада сақлаб қолди.
Янги канцлер Фридрих Мерц эса эртага, 6 май куни ўз вазифасини расман қабул қилиб олади ва Германияда янги сиёсий саҳифа очилади. Бу эса мамлакатнинг келгуси тараққиёти учун яна бир қадам бўлиши кутилмоқда.
Фото: Ebrahim Noroozi/AP Photo/picture alliance
Олаф ШолцГермания канцлериИстеъфо маросимиДемократия тамойиллариФридрих МерцБундесвер оркестри Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар