
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған мамлакатда терроризм, қуролли зўравонлик ва жиноий ҳаракатлар даври тугаганини маълум қилди. Мамлакат раҳбари ушбу тарихий баёнотни 14 май куни Адолат ва тараққиёт партияси (AKP)нинг парламентдаги фракция йиғилишида берди.
Эрдўған ўз нутқида террорчилик фаолияти билан танилган Курдистон ишчилар партияси (КИП)нинг тарқатиб юборилгани ва қуролларини топширганини алоҳида таъкидлади. Президентнинг фикрича, бу воқеа Туркияда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш йўлида янги босқични бошлаб беради.
«Терроризм, қурол ва зўравонлик даври ортда қолди. Биз энди мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича янги тарихий босқичга қадам қўйдик. Бу жараёнда биз учун энг муҳим нарса – Европа ва Суриядаги барча террористик бўлинмаларнинг ҳам ушбу ҳақиқатни тан олиб, қуролларини ташлаб, тарқалиш жараёнига қўшилишидир», — деди Туркия раҳбари.
Президентнинг таъкидлашича, КИП тарқатиб юборилиши жараёнининг энг асосий шарти – ташкилот томонидан берилган ваъдаларнинг сўзсиз бажарилишидир. Ушбу масалада Туркия Миллий разведка ташкилоти (MIT) ва бошқа тегишли тузилмалар қатъий ва синчковлик билан кузатув олиб боради.
Маълумки, Курдистон ишчилар партияси ўз мақсадини Туркия ҳудудидаги курдларнинг миллий ҳуқуқлари учун кураш ва мустақил курд давлати барпо этиш деб эълон қилган. Ташкилот 1974 йилда ташкил топиб, 1984 йилдан бошлаб Туркия ҳукуматига қарши қуролли ҳаракат олиб бора бошлади. Ортда қолган қарийб 40 йил ичидаги қуролли тўқнашувлар натижасида 40 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.
Жорий йил май ойи бошида КИП ўз қурултойида расман тарқатиб юборилишини эълон қилди ва қуролли фаолиятини тўхтатди. Айни вақтда, ташкилот Туркия, АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан расман террорчи деб эълон қилинган.
Мазкур воқеа нафақат Туркия, балки бутун минтақа учун ҳам тарихий аҳамият касб этиши кутилмоқда. Терроризм таҳдиди пасайиши билан Туркияда иқтисодий тараққиёт, хорижий инвестицияларнинг кўпайиши ва минтақа мамлакатлари билан тинчликпарвар муносабатларнинг янада мустаҳкамланиши эҳтимоли юқори.
ТуркияРажаб Тоййиб ЭрдўғанТерроризмТинчлик ва ХавфсизликКурдистон Ишчилар ПартиясиТаърихий Босқич Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар