
Туркиянинг жанубий соҳилидаги Муғла вилоятида 5,8 магнитудали кучли ер силкиниши қайд этилди. Офат оқибатида Мармарис шаҳри аҳолиси орасида кучли ваҳима ва саросима юзага келди. Энг ачинарлиси, бу вазиятда 14 ёшли Афрану Гунл фожиали тарзда ҳаётдан кўз юмди.
Туркия ички ишлар вазирлигининг берган маълумотларига кўра, зилзила Эгей денгизининг Мармарис яқинида, денгиз сатҳидан 67 км чуқурликда юз берган. Ер силкиниши маҳаллий вақт билан тонгги соат 02:17 да содир бўлган. Европанинг сейсмологик маркази ерости тебранишини ўртача деб баҳолаган бўлса-да, маҳаллий аҳоли орасида кучли қўрқув ва хавотирни келтириб чиқарди.
Зилзила пайтида кўплаб одамлар биноларнинг қулаши мумкинлигидан хавотирланиб, баланд қаватлардан пастга сакрашга мажбур бўлган. Ҳозирча маълум бўлишича, 69 киши турли даражада тан жароҳатлари олган. Улардан 46 нафари тез тиббий ёрдам машиналарида касалхоналарга ётқизилган, 14 нафар одамга эса шифокорлар томонидан жойида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Шу билан бирга, жароҳати енгил бўлган 8 киши шифохонадан уйига чиқарилган.
Айниқса, 14 ёшли қиз Афрану Гунлнинг фожиали ўлими кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилди. Маълум қилинишича, қизчанинг ўлимига сабаб шифокорлар томонидан "ваҳима ҳужуми" деб қайд этилган ҳолат бўлган. Афрану касалхонага олиб келинганида уни сақлаб қолиш учун кўрилган барча тиббий чоралар афсуски, самарасиз бўлиб чиққан.
Зилзила оқибатида шаҳардаги инфратузилма, электр таъминоти ва табиий газ тизимларига жиддий зарар етмагани хабар қилинган бўлса-да, воқеа жойидан тарқатилган видеолавҳалар аҳолининг қўрқув ва саросимага тушганини очиқ кўрсатмоқда.
Айниқса, маҳаллий ресторанлардан бирига ташриф буюрувчиларни қамраб олган ушбу кутилмаган ҳолат видеокамераларга ҳам тушиб қолган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу видеоларда одамларнинг зилзиладан қочиб, ресторандан ваҳима билан чиқиб кетаётганлари акс этган.
Эслатиб ўтиш жоизки, Туркия сейсмологлари сўнгги пайтларда мамлакат ҳудудида зилзила хавфи юқори бўлган ҳудудларнинг мавжудлиги ва кучли зилзила эҳтимоли ҳақида мунтазам огоҳлантириб келишмоқда. Хусусан, 2023 йилнинг февраль ойида содир бўлган катта фожиа натижасида 50 мингдан зиёд одам ҳалок бўлган эди.
Шунингдек, олимлар Истанбул атрофида келгуси йилларда яна бир катта зилзила бўлиши эҳтимоли юқори эканини прогноз қилмоқда. Улар 2030 йилга қадар мамлакат ҳудудида кучли зилзила содир бўлиши мумкинлигидан огоҳлантириб, ҳукумат ва аҳолини эҳтиёткорлик ва фавқулодда вазиятларга тайёр туришга чақиради. Бунинг учун фуқароларнинг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш маданиятини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.
Ҳозирда эса, мамлакат раҳбарияти томонидан зилзиладан зарар кўрганларга тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш ишлари фаол давом эттирилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар