
Жанубий Африка Республикасида (ЖАР) ҳукм сураётган оғир об-ҳаво шароити мамлакат аҳолисини жиддий синов олдида қолдирди. Al Jazeera тарқатган маълумотларга кўра, кучли ёмғир ва ҳаддан ташқари совуқ ҳаво оқими айрим ҳудудларда тарихда кузатилмаган сув тошқинларини келтириб чиқарди. Мамлакатнинг йирик вилоятларидан бири саналадиган Шарқий Кейпда юз берган кучли сув тошқини оқибатида ҳозиргача камида 57 киши ҳалок бўлди.
Минтақа маъмурияти раҳбари Оскар Мабуяне маълум қилишича, табиий офат сабабли ҳалок бўлганлар сони яна ошиши мумкин. Айниқса, бедарак йўқолганларни қидириш ишлари ҳозирча давом этмоқда. Оқибатда, олти нафар мактаб ўқувчиси ҳам ноқулай об-ҳаво қурбонига айлангани маълум қилинди.
Шарқий Кейпда энг кўп зарар ОР Тамбо муниципал округига етган. Қурбонлар орасида кўприкдан дарёга тушиб кетган мактаб автобуси йўловчилари ҳам бор. Янги маълумотларга кўра, яна бир неча бола ҳануз топилмаган ва улар бедарак йўқолганлар рўйхатига киритилган.
Мабуяне айтишига кўра, ҳалок бўлиш ҳолатларининг асосий сабаби - шиддатли ёмғир туфайли содир бўлган кўчкилар ва йўлларда йиғилиб қолган қалин қор қатламидир. Табиий офат натижасида мамлакатнинг жанубий ва шарқий минтақаларида бир қатор йўллар ёпилди, транспорт қатнови қийинлашди, электр таъминоти юз минглаб хонадонларда узилди. Шахсан Мабуяне бу каби кучли синовни илгари ҳеч қачон кўрмаганини таъкидлади.

Табиий офатдан 58 та мактаб ва 20 та шифохона ҳам зарар кўрган. Яна 500 га яқин оила ўз уйидан айрилиб, вақтинчалик манзилларга жойлаштирилди. Одамлар уйларини сув босиши ва кучли шамол сабабли вайрон бўлиши, уй-жойсиз қолиши ҳолатлари тез-тез рўй бермоқда.
Синоптиклар оғир об-ҳаво шароити бошланишидан бир неча кун олдин хавф ҳақида огоҳлантирган эди. 9 июнь куни кириб келган совуқ ҳаво оқими айрим ҳудудларда тунги ҳароратнинг нолдан ҳам пастга тушишига сабаб бўлди. Мамлакатда бошланган қиш синоптиклар томонидан сўнгги ўн йилликдаги энг қаттиқ қишлардан бири бўлиши мумкин, дея баҳоланмоқда.
Мамлакатда табиий офатлар билан кураш давом этаётган бир пайтда, расмийлар қурбонлар сони яна ортиши мумкинлигини, барча кучлар қидириш-қаутқарув ишларига сафарбар этилганини маълум қилишмоқда. Об-ҳавонинг шиддатли совуқлиги, тўхтовсиз ёмғир ва қор оқибатлари Жанубий Африка аҳолисини синовли кунларга дучор қилмоқда.
Фото: Al Jazeera «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар