date
views 128

Нетаняҳу АҚШни Эронга қарши урушга тортаётгани ҳақиқатми?

Нетаняҳу АҚШни Эронга қарши урушга тортаётгани ҳақиқатми?
Яқин Шарқда яна бир бор кескин ва хавфли вазият юзага келди. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу раҳбарлигидаги ҳукумат Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни кучайтирмоқда ва бу жараёнда Қўшма Штатларни ҳам бевосита тортишга уринаётгани ҳақида жиддий таҳлиллар берилмоқда. Австралиянинг Дикин университети профессори Шаҳрам Акбарзодага кўра, Исроил билан Эрон ўртасидаги қуролли тўқнашув нафақат давом этади, балки бутун минтақани қамраб олади. Унинг фикрича, АҚШ Исроил хавфсизлигини кафолатлаш мажбурияти туфайли тортишувга жалб этилиши муқаррар.

Аслида, Акбарзоданинг таъкидлашича, Нетаняҳунинг асосий мақсади айнан шу — Америка Қўшма Штатларини зиддиятнинг фаол иштирокчисига айлантириш ва Эронда ҳукуматни йиқитишга интилиш. Мазкур фикрлар “Ал-Жазира” телеканалига берилган интервьюда билдирилган бўлиб, минтақадаги сиёсий вазиятнинг мураккаблигини очиқлашда муҳим аҳамият касб этади.

2025 йил 13 июнь тонгида Исроил армияси томонидан амалга оширилган кенг кўламли ҳаво ҳужумлари АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти томонидан олдиндан маълум бўлган, бироқ расман Америка томони бу операцияда иштирок этмаганини таъкидлаган. Шу билан бирга, Нью-Йорк университети қошидаги Яқин Шарқ масалалари маркази раҳбари, профессор Муҳаммад Баззи фикрича, мазкур амалиёт айнан Трампнинг билвосита розилиги билан амалга оширилган.

Баззининг “The Guardian” нашрида чоп этилган таҳлил мақоласида айтилишича, Трамп бир пайтнинг ўзида икки фронтда ўйин олиб бормоқда: бир тарафдан Эрон билан тинчлик музокараларини олиб бораётган бўлса, иккинчи томондан Исроилга агрессия учун тўлақонли сиёсий ва молиявий кўмак бермоқда. Унинг сўзларига кўра, Трамп президентлиги давомида Исроилга миллиардлаб долларлик қурол-яроғ етказиб берилди, шунингдек, халқаро ташкилотлар орқали Исроилга қарши танқидларни жиловлаш учун босимлар уюштирилди.

Бу ҳолатда, АҚШ айнан шу орқали Исроил ва Эрон ўртасидаги зиддиятда бевосита иштирокчига айланиб улгурган. 14 июнга ўтар кечаси Эрон томонидан Исроилга қарата учирилган юзлаб ракеталарни уриб туширишда Исроил армиясига АҚШ махсус хизматлари ёрдам бергани бунга яққол мисол бўла олади.

Айнан шу жанглар давомида Исроил томони Эрондаги ядровий объектларга йўналтирилган зарбалар ҳақида маълумот берди. Аммо расмий Теҳрон бу зарбалар ер остидаги ядро иншоотларига жиддий зарар етказмаганини, барча асосий объектлар бутунлигича қолганини билдирди. Таҳлилчилар бу масалада Исроилнинг етарлича ҳарбий салоҳияти йўқлигини ҳам таъкидлашмоқда. Уларнинг фикрига кўра, 60 метргача ер остида жойлашган ядро инфратузилмаларини йўқ қилиш учун АҚШнинг B-2A ёки B-52H каби стратегик бомбардимон учоқлари ва махсус бункербузар бомбалар керак бўлади. Бу эса фақат АҚШ қўлида мавжуд.

Яна бир диққатга сазовор жиҳат шундаки, мазкур амалиёт АҚШ ва Эрон ўртасидаги ядро келишувлари борасида дипломатик музокаралар қизғин паллага кирган пайтда рўй берди. Бир неча кун аввал Трамп дипломатия орқали келишувга эришиш муҳимлигини таъкидлаб, Исроилга ҳужум қилишга рухсат бермаганини айтганди. Аммо Исроил бу сўзларни инобатга олмаган кўринади.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббо Ароқчи расмий Теҳрон номидан баёнот бериб, АҚШ ҳукуматини иккиюзламачиликда ва алдамчиликда айблади. Унинг сўзларига кўра, Исроилнинг бундай варварларча амалиётидан сўнг Вашингтон билан қандайдир тинч музокаралар ўтказиш бефойда.

Бу орада, Эрон расмийлари АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий базалари ҳам ҳужум нишонларидан бирига айланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш берди. Нетаняҳу эса “ҳарбий операция қанча керак бўлса, шунча давом этади” деган баёноти билан жиддий қўрқув уйғотди. Трамп эса бу фурсатдан фойдаланиб, Теҳронга “иккинчи имконият” беришини эълон қилди.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Нетаняҳу учун бу уруш — сиёсий ҳаётини узайтириш воситасига айланган. У ўзининг ҳокимиятда сақланиб қолишини Эронга қарши урушга боғламоқда ва Трампни ҳам бу йўлга тортаётгани қайд этилмоқда. Бу уруш фақат минтақада эмас, балки глобал миқёсда ҳам жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Маълумотларга кўра, 13 июнь тонгидаги Исроил ҳаво ҳужумларида 78 нафар Эрон фуқароси, жумладан, юқори мартабали ҳарбийлар ва ядро мутахассислари ҳалок бўлган. 320 киши тан жароҳати олган. Жавоб тариқасида Эрон томони 14 июнга ўтар кеча амалга оширган ракетали ҳужумда уч нафар исроиллик ҳалок бўлган, 19 нафари яраланган.

Тарафлар бир кун ўтмай яна бир-бирига ракета зарбалари йўллаган. Ҳозирча тинчлик йўлидаги ташаббуслар натижа бермаяпти ва бу эскалация минтақани кенг қамровли уруш домига тортаётгани ҳаммага аён бўлмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Нетаняҳу АҚШни Эронга қарши урушга тортаётгани ҳақиқатми?