date

Эрдўған: Исроил Эронга зарба билан Ғазодаги "қилмишлари"ни ёпмоқчи

Эрдўған: Исроил Эронга зарба билан Ғазодаги "қилмишлари"ни ёпмоқчи
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Исроилнинг сўнгги ҳарбий ҳаракатларига қарши яна қаттиқ баёнот билан чиқди. Унинг таъкидлашича, Тел-Авив режими Эронга қарши амалга оширган ҳужумлар орқали Ғазода олиб борилаётган геноциддан жаҳон ҳамжамияти эътиборини буриб юборишга уринаётган бўлиши мумкин.

Бу ҳақда Туркия етакчиси Кувайт амири Мишал ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабаҳ билан бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида билдирган. Суҳбат давомида томонлар Исроил ва Эрон ўртасидаги кескинлик, минтақадаги хавфсизлик муаммолари, шунингдек, халқаро ҳамкорликнинг долзарб йўналишларини муҳокама қилган.

Эрдўған Тел-Авивнинг ҳаракатлари нафақат Эрон билан муносабатларга, балки бутун минтақа хавфсизлигига таҳдид солаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Исроилнинг агрессив сиёсати яна бир катта урушга асос солиши мумкин ва бу ҳолат мутлақо қабул қилиб бўлмайди.

Шунингдек, Эрдўған Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу раҳбарлигидаги ҳукумат глобал барқарорлик ва тинчлик учун жиддий хавфга айланганини қайд этди. Унинг фикрича, Исроилнинг Эронга нисбатан уюштирган ҳужумлари ядро дастурига оид музокараларга ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

"Биз музокаралар орқали келишмовчиликларни ҳал қилиш тарафдоримиз. Ҳарбий ҳаракатлар ҳеч қандай муаммони ҳал қилмайди, балки янада оғирлаштиради", — деди Эрдўған.

Туркия етакчиси шунингдек, ўз сўзида Кувайт билан биргаликда Исроилнинг Ғазода амалга ошираётган тажовузкор ҳаракатлари ва инсон ҳуқуқларини топтаётган геноцидини кескин қоралашини эсга солди.

Эрдўғаннинг мазкур чиқиши нафақат Туркиянинг Яқин Шарқдаги фаол позициясини, балки унинг глобал адолат ва тинчликни таъминлаш йўлидаги қатъий позициясини ҳам яна бир бор намоён этди.

Минтақадаги вазият тобора изидан чиқаётган бир пайтда, халқаро ҳамжамият бундай фикрларга қулоқ тутиши ва тезкор дипломатик чоралар кўриши кераклиги кундан-кунга аён бўлиб бормоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрдўған: Исроил Эронга зарба билан Ғазодаги "қилмишлари"ни ёпмоқчи