
Дунёнинг энг йирик технология соҳаси раҳбарларидан бири Илон Маск 14 июнь куни ўзининг Starlink сунъий йўлдош интернет хизмати Эрон ҳудудида ҳам фаолият бошлаганини маълум қилди. Бу ҳақда The Economic Times нашри ва бошқа халқаро манбалар хабар тарқатди.
Маълумки, сўнгги кунларда Яқин Шарқда кескинлик авж олди – Исроил ва Эрон ўртасидаги катта можаро туфайли Эрон ҳукумати бутун мамлакат бўйлаб интернет тармоғига катта чекловлар жорий этди. Расмийларга кўра, бу вақтинчалик чора, интернет эркинлигини вақтинча тўхтатиш орқали оммавий тартибсизликларнинг олдини олиш мақсад қилинган. 13 июнь куни Эрон Алоқа вазирлиги махсус баёнот билан чиқиб, интернетга кириш чекланиши нормал ҳолат тиклангунча давом этишини эълон қилди. Бу эса миллионлаб фуқароларни рақамли алоқадан узиб қўйди.
Шу пайтда Starlink’нинг пайдо бўлиши ва Илон Маскнинг баёноти бутун жамият ва экспертлар орасида катта қизиқиш уйғотди. Starlink сунъий йўлдош интернети анъанавий инфратузилмадан мустақил равишда фойдаланиш имкониятини яратади – яъни Ер орбитасидаги йўлдошлар орқали интернет узатилади ва мамлакат ичидаги ҳар қандай тўсиқлар, ҳатто давлат томонидан жорий этилган тўлиқ блекаут пайтида ҳам маълумот оқими тўхтамайди.
Starlink – Эрондаги "қора бозор"да нажот
Манбаларга кўра, ҳозирда Эрон ҳудудида қора бозор каналлари орқали 20 мингга яқин Starlink терминаллари тарқалган ва фаолият юритмоқда. Интернетга кириш учун асосий йўллар ёпиқ бўлиб турган бир пайтда, бу терминаллар орқали минглаб одамлар ахборот олиш, мулоқот қилиш ва ташқи дунё билан боғланиш имконига эга бўлмоқда. Айтишларича, Starlink хизматининг кенг ёйилиши Эрон ҳукумати томонидан ўтказилаётган ахборот назорати ва цензура чораларини сезиларли даражада мураккаблаштирмоқда.
Кибер хавфсизлик ва ахборот эркинлиги
Интернетдаги чекловлар Эрон ҳукуматининг илгари ҳам амалга оширган стратегиясидан далолат беради: оммавий норозилик намойишлари, ҳарбий ва сиёсий кризислар пайтида биринчи навбатда рақамли алоқа тўхтатилиб, фуқароларнинг ахборотга кириши чекланади. Бу эса мамлакатдаги воқеалар ҳақида жаҳон ҳамжамиятида аниқ ва тўлиқ тасаввур ҳосил бўлишини қийинлаштиради.
Бироқ Илон Маск ва унинг Starlink лойиҳаси нафақат Эрон, балки бутун дунёда интернет эркинлигини ҳимоя қилиш, ахборот оқими узлуксизлигини таъминлаш учун яратилганини яна бир бор намойиш қилди. Мухлислар ва экспертлар таъкидлашича, бу каби технoлогик янгиликлар аҳоли учун нажот йўли, ҳукуматлар учун эса янги муаммолар ва ахборот хавфсизлиги бўйича янги чақириқлардир.
Исроил ва Эрон ўртасидаги тортишув фонида Эрон ҳудудидаги Starlink’нинг фаолияти нафақат ахборот оқими, балки жамиятнинг дунё билан мулоқот қилиш имкониятлари учун ҳам муҳим қадам бўлди. Айни дамда интернет эркинлиги ва технологиялар соҳасидаги кураш глобал аҳамият касб этиб бормоқда. Zamin.uz таҳлилчилари фикрича, бу каби янгиликлар келажакда ахборот уруши, кибер хавфсизлик ва инсон ҳуқуқлари масаласида янги воқеаларга замин яратиши аниқ. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар