date

Юлия Свириденко бошчилигида Украина ҳукумати янгиланди

Юлия Свириденко бошчилигида Украина ҳукумати янгиланди
Украинада сиёсий ҳаёт янада жадаллашди: Олий Рада 17 июль куни 39 ёшли Юлия Свириденко номзодини мамлакат бош вазири сифатида тасдиқлади, деб хабар берди rbc.ru. Бир кун аввалги воқеа — Денис Шмигал бошчилигидаги ҳукумат истеъфога чиққанини эълон қилган эди.

Янги бош вазир лавозимига тайинланган Юлия Свириденко ўзининг янги ҳукумат таркибини парламентга тақдим этди ва 253 нафар депутат уни қўллаб овоз берди. Қабул қилинган қарор асосида мамлакатда қатор вазирликлар ва уларнинг раҳбарлари ҳам расман тасдиқланди.

Янги таркибда қуйидаги шахслар муҳим лавозимларга тайинланди: Михайло Фёдоров бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва рақамли трансформация вазири, Олексий Кулеба эса мамлакатни тиклаш ва ҳудудий ривожланиш бўйича ўринбосар бўлди. Шунингдек, Европа ва Евроатлантика интеграцияси бўйича Тарас Качка, ёшлар ва спорт вазири сифатида Матвей Бедний, адлия вазири Герман Галушченко, энергетика вазири Светлана Гринчук, фахрийлар ишлари бўйича вазир Наталя Калмикова, ички ишлар вазири Игор Клименко, таълим ва фан вазири Оксен Лисовий, соғлиқни сақлаш вазири Виктор Ляшко, молия вазири Сергей Марченко, иқтисодиёт ва атроф-муҳит вазири Олексий Соболев ҳамда ижтимоий сиёсат, оила ва бирлик вазири Денис Улютин.

Яна бир муҳим ўзгариш — Мудофаа вазирлиги таркиби кенгайтирилди ва унга Стратегик саноат вазирлиги функциялари қўшилди. Эътиборли жиҳат, бугунги кунда ушбу йўналишга “Укроборонпром” раҳбари Герман Сметанин тайинланди.

Президент Владимир Зеленский янги ҳукуматга қуролларни мустақил ва ҳамкорликда ишлаб чиқариш, жанг майдонида маҳаллий қуроллар улушини 50 фоизга етказиш вазифасини қўйди. Бугунги кунда Украина қуролларининг улуши 40 фоизни ташкил этмоқда, лекин давлат раҳбари тезроқ натижа кутмоқда.

Маълумот учун, Украина Конституциясининг 114-моддасига мувофиқ, вазирлик раҳбарлари — мудофаа ва ташқи ишлар вазирларидан ташқари — бош вазир тавсиясига кўра Олий Рада томонидан тасдиқланади. Бошқа икки лавозим эса президент тавсиясига биноан алоҳида овоз билан тасдиқланади. Ташқи ишлар вазири сифатида Андрей Сибига ўз лавозимини сақлаб қолди, мудофаа вазири лавозимига эса Денис Шмигални тайинлаш таклиф қилинди.

Мамлакатда янги ҳукумат ва унга қўйилган устувор йўналишлар Украина сиёсий ҳаётида навбатдаги муҳим давр бошланганидан далолат бермоқда. Келгусида бу ўзгаришлар қандай натижа беради — вақт кўрсатади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Юлия Свириденко бошчилигида Украина ҳукумати янгиланди