Америкалик Лиза Файрмен дунёдаги энг йирик бошқотирмалар коллекцияси соҳибаси сифатида Гиннес рекордлар китобига киритилди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти маълум қилди.
Аввалги рекорд 2023 йилда АҚШлик Жон Уолчак томонидан қайд этилган бўлиб, у 2000 та жумбоқ тўплаган эди. Лиза эса бу натижани деярли икки баравар оширди — унинг жамғармасида 4060 та турли жумбоқлар мавжуд.
Қиз бошқотирмаларга 2019 йилда меҳр қўя бошлаган. Шу даврдан бери у Равенцбургер Пуззлес ишлаб чиқарувчисининг маҳсулотларини танлайди. Коллекцияда Рождество манзаралари, Дисней қаҳрамонлари, “Дўстлар” сериали, Жеймс Бонд фильмлари ва машҳур “Салом Китти”га бағишланган 123 та туркумли жумбоқлар ҳам бор.
Лизанинг айрим буюмлари жуда ноёб. Масалан, у "Юлдузли урушлар"даги Ёда тасвирланган жумбоқни топиш учун етти йил сарфлаган.
Ҳавасдан ташқари, у бошқотирма мусобақаларида ҳам қатнашади. Шу пайтгача уч бор миллий чемпионатда, бир марта эса жаҳон чемпионатида иштирок этган. Аммо Лиза беллашувлардан кейин кўп ҳолларда ўзини “чарчаган” ҳис қилишини тан олади:
— Мусобақалар мен учун бироз қийин, шунинг учун кўпроқ жуфтлик ёки жамоавий иштирок этишни афзал кўраман. Лекин бу тадбирлар орқали бошқа жумбоқ ихлосмандлари билан танишиш, дўстлар орттириш ва санъаткорлар билан учрашиш менга жуда ёқади, — дейди у.
Қизнинг сўзларига кўра, у ҳеч қачон рекорд ўрнатишни ният қилмаган:
— Мен учун бу оддийгина севимли машғулот эди. Бошқотирмаларга қизиқиш аста-секин катта иштиёққа айланди, холос, — дейди рекордчи.
Шу тариқа, Лиза Файрменнинг коллекцияси нафақат АҚШ, балки бутун дунё миқёсида энг йирик бошқотирма жамғармасига айланди.
Манба: Pravilamag
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!