Россия президенти Владимир Путиннинг таъкидлашича, Москва ва Боку ўртасида маълум муаммолар мавжуд бўлса-да, икки давлат алоқалари узоқ муддатли манфаатлар асосида ўз изига тушади.
Давлат раҳбари Хитойга ташрифи давомида озарбайжонлик ҳамкасби Илҳом Алиев билан қисқа мулоқот қилгани ҳақида маълум қилди.
“Мамлакатлар ўртасида алоқаларда доим вақтдан келиб чиқадиган турли саволлар пайдо бўлади. Муаммолар йўқ эмас. Бугун биз Президент Алиев ва унинг турмуш ўртоғи билан кўришдик, бир неча оғиз гаплашдик. Ўйлайманки, Россия ва Озарбайжон муносабатларининг пойдевори, уларнинг ривожланишидан ўзаро манфаатдорлик охир-оқибат барча ҳолатларни ўз жойига қўяди”, — деди Путин Хитойга ташриф якунида ўтказилган матбуот анжуманида.
Маълумот учун, 3 сентябр куни Пекиндаги ғалаба паради олдидан Владимир Путин ва Илҳом Алиев ШҲТ саммитида қатнашишган. Йиғилиш давомида ҳар икки етакчи бошқа давлат раҳбарлари билан бир қатор икки томонлама мулоқотлар ўтказди, бироқ ўзаро расмий учрашув ташкил этилмади.
Эслатиб ўтамиз, Россия ва Озарбайжон муносабатлари аввал AZAL авиакомпанияси самолёти уриб туширилиши, кейинчалик эса Екатеринбургда озарбайжон диаспораси вакиллари ҳалок бўлиши ортидан жиддий тарзда совуши кузатилган эди.