Душанбеда 9–10 октябрь кунлари ўтаётган «Марказий Осиё – Россия» саммити ва МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши доирасидаги Владимир Путин ҳамда Илҳом Алиев мулоқоти — ўтган йил 25 декабрда Қозоғистон ҳудудида қулаган AZAL самолёти ҳалокатига тўхталиш билан бошланди. РИА ёзишича, учрашувни айнан шу масала билан очишни Путиннинг ўзи таклиф этган.
Россия президенти, аввалроқ Россия осмонида содир бўлган фожиа учун Озарбайжон томонидан расмий узр сўралганини эслатиб, ҳалок бўлган йўловчиларнинг яқинларига чуқур таъзия изҳор этди. Унинг сўзларига кўра, Москва келишувлар доирасида терговга тўлиқ кўмак бермоқда ва ҳодиса сабаблари, жумладан, осмонда Украина дронининг мавжудлиги билан боғлиқ жиҳатлар ҳам ўрганилмоқда.
Путиннинг айтишича, фожиа рўй берген куни AZAL борти учта украин учувчисиз қурилмаларини “эргаштириб” Россия чегарасини кесиб ўтган. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими йўллаган икки ракета лайнерга тўғридан-тўғри тегмаган — портлашлар бир неча метр узоқликда содир бўлган, йўловчи самолёти эса катта эҳтимол билан парчалардан шикастланган. Шунингдек, экипажга Махачқалъага қўнишга рухсат берилгани, аммо улар ўз аэродромига қайтишни маъқул кўргани қайд этилди.
Давлат раҳбари масъул мансабдорларнинг ҳаракатлари ҳуқуқий баҳосиз қолмаслигини, товон тўлаш масалалари бўйича Россия зарур жараёнларни амалга оширишини билдириб, бу вазиятни тўлиқ ёритиш учун вақт кераклигини урғулади.
Маълумот учун, AZAL самолёти бортида жами 67 киши (шу жумладан 5 нафар экипаж) бўлган: 38 йўловчи ҳаётдан кўз юмган, 29 нафари тирик қолган. Саммит доирасидаги учрашувда эса томонлар мазкур ишни ҳар томонлама, очиқ ва тизимли тергов қилишдан манфаатдор эканини яна бир бор тасдиқладилар.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!