date

Исроил қўшинлари Ғазодан чекина бошлади, тинчлик умиди кучайди

Исроил қўшинлари Ғазодан чекина бошлади, тинчлик умиди кучайди

Исроил мудофаа армияси жума куни тушдан сўнг “янгиланган жойлашув чизиқлари бўйича позицияларни эгаллаш”ни бошлаганини маълум қилди. Бу хабар Ҳамас ва Исроил ўртасидаги келишув асосида отишмаларни тўхтатиш режими амалга кирганини англатади.

Пайшанба куни Исроил ҳукумати АҚШ президенти Доналд Трамп воситачилигида ишлаб чиқилган янги тинчлик режасини маъқуллаган эди. Ҳужжатга мувофиқ, Исроил армияси белгиланган позицияларга жойлашгач, Ҳамас томонида гаровда бўлган исроилликларни қайтариш учун 72 соат вақт берилади.

“Жанубий қўмондонлик ҳарбийлари ўз позицияларида турибди ва ҳар қандай бевосита таҳдидга нисбатан жавоб чораларини кўришда давом этади”, — дейилади Исроил мудофаа армияси баёнотида.

Ҳозирча Исроил қўшинлари аниқ қайси ҳудудлардан чекинаётгани ҳақида расмий маълумот берилмаган. Аммо AFP агентлиги манбаларига кўра, ҳарбий техника Хон Юнуснинг айрим туманлари ва Ғазо шаҳрининг шимоли-ғарбий чеккаларидан олиб чиқилган.

Бу хабардан сўнг бутун Ғазо бўйлаб аҳоли ўз ҳудудларига қайтиш сигнали берилганини кутмоқда. Исроил матбуоти маълум қилишича, кечадан бери Ал-Рашид йўлида кутиб турган юзлаб фаластинликлар шимолга қараб ҳаракатлана бошлаган.

Шу билан бирга, Исроил ҳарбийлари аҳолидан фақат рухсат этилган йўналишлар бўйлаб юришни сўраб, ҳозирча Исроил қўшинлари жойлашган ҳудудларга яқинлашмаслик кераклигини огоҳлантирмоқда.

Айни пайтда Исроил армияси ҳали ҳам Ғазо ҳудудининг тахминан ярмидан кўпроғини — яъни 53 фоизини назорат қилишда давом этмоқда. Бу ҳудуднинг асосий қисми шаҳарлардан ташқаридаги буфер зоналардан иборат бўлиб, улар Миср чегарасидаги Филаделфия йўлаги, Байт-Ханун ва Байт-Лаҳия туманлари ҳамда Ғазо шаҳрининг шарқий қисмларини ўз ичига олади.

“Келишувга кўра, ЦАҲАЛ қўшинлари маълум ҳудудларда қолади. Кейинги огоҳлантириш берилмагунча бу жойларга яқинлашманг — бу ҳаётингиз учун хавфли бўлиши мумкин”, — дейилади Исроил армиясининг араб тилидаги расмий мурожаатида.

Исроил армияси вакили полковник Авичай Адраи ҳам шундай баёнот билан чиқиб, “буфер зонага яқинлашиш жуда хавфли эканини” қайд этди.

Шу билан бирга, жума куни эрталабдан Исроил ва Ғазо чегараси устида тутун ҳалқалари кўриниб тургани хабар қилинди. Хон Юнус атрофида артиллерия отишмалари кузатилгани ва Нецарим коридори ҳудудида ўқ товушлари эшитилгани маълум қилинган.

Шундай бўлса-да, кўпчилик бу келишувни можаронинг вақтинчалик бўлса ҳам тўхташи, одамлар уйларига қайтиш имконига эга бўлиши сифатида қабул қилмоқда. Ғазо аҳолиси ҳозир умид билан ҳақиқий тинчлик башоратини кутмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исроил қўшинлари Ғазодан чекина бошлади, тинчлик умиди кучайди