date

Таиландда қўлга олинган россиялик ҳакер атрофида шов-шув кучайди

Таиландда қўлга олинган россиялик ҳакер атрофида шов-шув кучайди

Таиланд ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари АҚШ талаби асосида йирик кибержиноятларда гумонланган Россия фуқаросини қўлга олгани халқаро муҳокамалар марказига айланди. Расмий маълумотларга қараганда, 35 ёшли россияликнинг АҚШ ва Европа давлат муассасалари тизимларига бир қатор йирик киберҳужумларни амалга оширганлиги эҳтимол қилинмоқда. Таиланд томони уни АҚШга экстрадиция қилиш жараёнини бошлаган.

Пхукетдаги Россия бош консулхонаси вакили Егор Ивановнинг таъкидлашича, Москва ушланган фуқарога консуллик кўмаги кўрсатиш бўйича расмий рухсат олишга ҳаракат қилмоқда. Россияликнинг кимлиги расман ошкор этилмаган бўлса-да, маҳаллий ва халқаро ОАВ бу шахс ҳақида қатор тахминлар билдирмоқда.

Таиланд киберполицияси берган баёнотга кўра, гумонланувчи 6 ноябрь куни ФТБ агентлари билан ҳамкорликда ўтказилган махсус операция чоғида Пхукет оролида қўлга олинган. У мамлакатга бор-йўғи бир неча кун олдин — 30 октябрда кириб келган ва Таланг туманидаги меҳмонхонада яшаб турган. Тинтув жараёнида ҳакерга тегишли бир неча ноутбук, смартфонлар ва криптовалюталар сақланган ҳамёнлар аниқланиб, мусодара қилинган.

Иш материалларига кўра, россияликка тегишли криптовалюта ҳисобларида 14 миллион батдан ортиқ (тахминан 432 минг доллар) маблағ музлатиб қўйилган. Терговчилар бу пуллар киберфирибгарликдан тушган даромад бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқда.

Айбланувчининг исми ошкор қилинмаган бўлса-да, ОАВнинг маълум қилишича, ФТБ базасида бу ёшдаги ва шу даражадаги кибержиноятларда қидирилаётган ягона россиялик мавжуд — Мурманск вилоятида туғилган ва Россия Бош разведка бошқармаси (ГРУ)нинг 26165-ҳарбий қисми билан боғлиқ катта лейтенант Алексей Лукашев.

Маълумотларга кўра, айнан шу ҳарбий қисм таркибида «Fancy Bear» ёки «APT28» деб танилган, кўплаб халқаро киберҳужумларда тилга олинаётган ҳакерлик гуруҳи фаолият юритади. Уларнинг номи АҚШдаги 2016 йилги президентлик сайловига аралашув, Демократик партия серверларига кириш, Ҳиллари Клинтон штаби ёзишмаларини ошкор қилиш ва Франция президенти Эммануэл Макрон кампанияси бўйича киберхужумлар билан боғлиқ терговларда ҳам кўп марта учраган.

ФТБ ҳужжатларида Лукашев айнан шу ишлар бўйича айбланувчи сифатида қайд этилган 12 нафар шахсдан бири сифатида тилга олинган.

Таиланддаги ушбу қўлга олиш халқаро киберхавфсизлик масалаларида янги босқични очди. Тергов давом этар экан, АҚШ, Таиланд ва Россия ўртасидаги дипломатик жараёнлар қандай ривожланиши барчани қизиқтириб турибди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Таиландда қўлга олинган россиялик ҳакер атрофида шов-шув кучайди