
Россия Федерацияси парламентининг юқори қаноти – Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко мамлакат аёлларини 18 ёшданоқ фарзанд кўришга мурожаат қилди. Унинг фикрича, демография соҳасидаги энг асосий вазифа дунёқарашни ўзгартиришдан иборат бўлиши керак.
"Муваффақият – катта оилада"
Матвиенко, ҳозиргидек 28-29 ёшда эмас, балки аёл вояга етгандаёқ туғиши меъёрга айланиши зарурлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, «Дуруст, аҳил-иноқ, катта ва мустаҳкам оилага эга кишигина муваффақиятга эришган деб ҳисобланиши керак».
Парламент спикери аёлларни туғишни кечиктирмаслиги лозимлигидан огоҳлантирди, чунки кейинчалик тиббий ёки бошқа сабабларга кўра фарзанд кўриш имкони бўлмаслиги мумкин.
Инқирознинг даҳшатли рақамлари
Бундай кескин чақириқ замирида Россиядаги чуқур демографик инқироз ётибди. Таҳлилларга кўра, Россия аҳолиси йил сайин қисқариб бормоқда. 2024 йилга нисбатан 0,08 фоизга камайган аҳоли сони 2045 йилга бориб 138,8 миллионгача қисқариши мумкин. Баъзи олимлар эса 2100 йилга бориб бу кўрсаткич 74 миллионгача тушишини башорат қилмоқда. Демографик танглик мамлакат учун катта ижтимоий ва иқтисодий тангликларни юзага келтириши аниқ.
Шу боис, сўнгги йилларда Россия раҳбарияти аҳолини кўпроқ ва эртароқ фарзанд кўришга фаол рағбатлантирмоқда. Президент Владимир Путин ҳам ёшларни ўқиш ёки карьера важидан фарзанд кўришни орқага сурмасликка чақирган. Унинг фармонига кўра, туғилишнинг умумий коэффициенти 2030 йилга бориб 1,6 нафарга, 2036 йилда эса 1,8 нафарга етиши лозим.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.