date

Путин Донбасс бўйича баҳсли саволга қандай жавоб берди?

Путин Донбасс бўйича баҳсли саволга қандай жавоб берди?

Ҳиндистонга расмий сафари олдидан Владимир Путин India Today телеканалига узоқ интервью берди. 4 декабрь куни эълон қилинган ушбу суҳбатда журналист Гита Моҳан Россия президентига ўта тўғри ва ноёб савол йўллади: рус тилида сўзлашадиган Донбасс аҳолиси нега Россия армияси томонидан йўқ қилинган уйларидан шокка тушгани ҳақида қандай фикр билдиради?

Журналист Донецк ва Луганскка сафари давомида маҳаллий аҳоли билан гаплашганини айтди. Уларнинг кўпчилиги русийзабон эканини, Киев томонидан тил масаласи орқали босим сезганини, аммо Россия ҳарбий амалиёти бошланганидан кейин ўз уйлари вайрон бўлаётганини тушуна олмаётганини таъкидлади.

Путин аввал саволни умуман тушунмагандек тутди. Кейин эса вазиятни ўз талқинида изоҳлашга ўтди:

— Улар афтидан Киев ҳукумати назоратидаги ҳудудларда яшаган бўлса керак. Донецк ва Луганскнинг Киев назоратида бўлмаган қисми эса айнан Киев режими томонидан вайрон қилинган. Биз эса бу ҳудудларнинг мустақиллик эълон қилган қисмини қўллаб-қувватлашга мажбур бўлдик, — деди у.

Путин, шунингдек, Донбасс аҳолисига референдум орқали “танлов имкони” берилганини таъкидлаб, ким Россия таркибини маъқулласа, овоз берганини, ким рози бўлмаса, Украина ҳудудининг бошқа қисмига кетиши мумкин бўлганини қўшимча қилди.

Интервюнинг яна бир қизғин қисми — Путиннинг Донбассни “албатта озод қиламиз” деган баёноти бўлди:

— Ё Украина қўшинлари бу ҳудудларни тарк этади ва одамларни ўлдиришни тўхтатади, ёки биз Донбассни қурол билан озод қиламиз. Мазмунан вазият шу томонга қараб боради, — деди Россия президенти.

Шу билан бирга, суҳбатда Донбасснинг келажагига оид яна бир муҳим нуқта ҳам тилга олинди: урушни тўхтатишга қаратилган “Трамп тинчлик режаси”да Украина Луганск ва Донецкдан қўшинларини олиб чиқиб кетиши, амалда бу ҳудудларни Россияга топшириши назарда тутилгани қайд этилди.

Интервю оҳирида ҳам журналистнинг саволлари, ҳам Путиннинг жавоблари икки томоннинг воқеликни мутлақо турлича кўраётганини яна бир бор кўрсатди. Донбасс бўйича баҳс эса геосиёсий майдонда ҳали узоқ давом этиши тайин.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Путин Донбасс бўйича баҳсли саволга қандай жавоб берди?