
Украина президенти Володимир Зеленский 12 декабрь, жума куни Telegram канали орқали Харкив вилоятидаги Купянск шаҳри кириш қисмидаги стела ёнида туриб, видеомурожаат эълон қилди. Президент муваффақиятли ҳарбий ҳаракатлар билан шахсан табриклаш учун жангчилар ёнига келганини билдирди.
Зеленский: “Бугун — Купянск йўналиши, бу ерда Украина учун натижага эришаётган жангчиларимиз. Россияликлар Купянск ҳақида кўп гапирган эди — биз кўряпмиз. Бордим, йигитларни қутладим”.
Россия гуруҳи қуршовда
Шу куни аввалроқ Украин мудофаа кучлари Купянск атрофида муваффақиятли қарши ҳужум амалга ошириб, шаҳардаги Россия гуруҳини қуршаб олгани маълум бўлди. Бу ҳақда “Украинская правда” нашри Миллий гвардиянинг “Хартия” қидирув-зарба гуруҳи 2-корпуси қўмондонлиги ва DeepState OSINT лойиҳаси харитасига асосланиб хабар берди.
“Хартия” 2-корпуси қўмондони Игор Оболенский вазиятни қуйидагича изоҳлади:
“Вазифа шаҳарга кириб, россияликлардан тозалаш эди. Биз бир вақтнинг ўзида 2–3 йўналишда ишладик, уларнинг логистикасини кесиб ташладик. Бугун айта оламизки, россияликлар шаҳарда тўлиқ узиб қўйилган. Улар қуршовда эканини энди тушунишяпти”.
Озод қилинган ҳудудлар
“Хартия” 2-корпуси тақдим этган маълумотларга кўра:
- Кондрашовка қишлоғи ва унинг атроф ҳудудлари, шунингдек ўрмонлар тўлиқ озод этилган.
- “Хартия”нинг 13-бригада гуруҳи Радковка қишлоғи ва унинг атрофини тўлиқ озод этган.
- Улар Купянск шимолидаги шаҳарнинг ўзида ҳам бир неча ўнлаб уйдан душманни сиқиб чиқарган.
Оболенскийнинг қўшимча қилишича, ҳозирда Россия ҚК бор захираларини ташлаб, мудофаани ёриб ўтишга уринмоқда, аммо улар йўқ қилинмоқда. Шунингдек, жангларда Сурия ва Африка мамлакатларидан бўлган кўплаб хорижлик жангарилар қайд этилган.
Жангдаги талафотлар ва йўқотишлар
Миллий гвардиянинг 2-корпуси маълумотига кўра, бир неча ой олдин Россия қўшинлари Оскол дарёсидан 6 км ичкарига кириб келган, аммо 22 сентябрдан 12 декабргача бўлган даврда “Хартия” бўлинмалари Россиянинг катта кучларини тор-мор этган:
- Йўқ қилинган ҳарбийлар: 1027 нафар россиялик ҳарбий.
- Яраланганлар: 291 нафар.
- Асирга олинганлар: 13 нафар “оккупант”.
Қўмондонлик шаҳар марказидаги жанглар ҳали давом этаётганини, аммо Купянск кейинчалик тўлиқ озод этилишини маълум қилди.
DeepState OSINT лойиҳаси харитасида ҳам Купянскнинг бутун шимоли-ғарбий чекка қисми Россия ҳарбийларидан тозалангани тасдиқланган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.