
Польша чегара хизмати 2025 йил 11 декабрь куни Подляское воеводлигидаги Наревка аҳоли пункти атрофида қазилган ерости туннел орқали 180 нафардан ортиқ ноқонуний мигрантнинг Польшага кириб келганини маълум қилди. Чегарачилар, ҳарбийлар ва полиция ходимлари ушбу туннелдан фойдаланган 130 нафардан ортиқ шахсни ушлашга муваффақ бўлди. Қолган мигрантларни қидириш ишлари давом этмоқда.
Полша чегара хизмати вакили, подполковник Анджей Юзвякнинг маълумотларига кўра, туннел узунлиги бир неча ўн метр бўлиб, унинг баландлиги тахминан 1,5 метрни ташкил этган. Туннелнинг кириш қисми Беларус томонида чегарадан 50 метр, чиқиш қисми эса Полша томонидаги тўсиқдан 10 метр масофада жойлашган.
Электрон назорат тизимлари орқали туннелдан 180 нафардан ортиқ хорижий фуқароларнинг фойдалангани аниқланган. Ушланганларнинг катта қисми — Афғонистон ва Покистон фуқаролари, шунингдек, Ҳиндистон, Непал ва Бангладеш паспортларига эга шахслар ҳам Польшага кирган.
Полша чегара бошқармаси маълумотларига кўра, 2025 йилда Подляское чегара бошқармаси Беларус билан чегара остида қазилган тўртта туннелни аниқлади. Махаллий ҳуқуқ-тартибот органлари, мигрантлар билан бирга, уларни ғарбий Европа давлатларига олиб кетиш мақсадидаги икки ҳайдовчини ҳам қўлга олди. Бу 69 ёшли поляк ва 49 ёшли литвалик шахслар эканлиги маълум қилинди.
Ҳар йили тахминан 30 минг киши Беларус—Полша чегарасини ноқонуний босиб ўтишга уринади. Бу кўрсаткичлар 2021 йилдан бери ўзгармайди, шуга қарамай, чегарада пўлат деворлар, дронлар ва иссиқликни кўрувчи камералар ўрнатилган.
Полша бош вазири Доналд Туск ҳукумати миграцияга қарши сиёсатни давом эттирадиганини маълум қилди. Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен эса Полшага чегара ҳимоясини кучайтириш учун молиявий ёрдам беришини таъкидлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.