
Аргентина футболи юлдузи Лионель Мессининг Ҳиндистоннинг Калкутта шаҳрига амалга оширган ташрифи кутилмаган тартибсизликлар билан эсда қолди. Германиянинг Bild нашри хабар беришича, дунё чемпионининг стадионда қисқа вақт қолиши кўплаб мухлисларнинг қаттиқ норозилигига сабаб бўлган.
Манба маълумотларига кўра, Месси майдонда бор-йўғи 20 дақиқа атрофида кўриниб, асосан расмий шахслар, сиёсатчилар ва VIP меҳмонлар билан мулоқот қилган. Бу ҳолатни адолатсиз деб баҳолаган мухлислар стадионда тартибни бузиб, пластик ўриндиқларни майдонга отган ва айримлари хавфсизлик тўсиқларини бузиб ўтишга уринган.
Норозилик билдирган томошабинлардан бири Ҳиндистоннинг ANI ахборот агентлигига шундай деган:
“Биз 12 000 рупий (тахминан 115 евро) тўладик, аммо ҳатто унинг юзини яқиндан кўриш ҳам насиб қилмади”.
Юз берган воқеадан сўнг Ғарбий Бенгалия штати расмийлари томонидан махсус текширув бошлангани маълум қилинди. Ҳокимият бу каби ҳолатлар қайта такрорланмаслиги учун ташкилий камчиликлар атрофлича ўрганилишини таъкидламоқда.
Маълумот учун, 38 ёшли Лионель Месси айни пайтда Ҳиндистон бўйлаб гастрол сафарида бўлиб, Калкуттадан ташқари Ҳайдаробод, Мумбай ва Нью-Деҳли шаҳарларида турли маданий, хайрия ва спорт тадбирларида иштирок этиши режалаштирилган.
Ғарбий Бенгалия бош вазири Мамата Банержи эса юз берган нохуш ҳолат муносабати билан ҳам Мессидан, ҳам мухлислардан расман узр сўради. Шунингдек, воқеани чуқур ўрганиш учун алоҳида тергов қўмитаси тузилиши маълум қилинди.
Бу ҳодиса футбол юлдузларининг оммавий тадбирлардаги иштироки қанчалик пухта режалаштирилишини талаб қилишини яна бир бор намоён этди.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.