Ҳиндистонда 11 минг вольтли электр сими поезд устига тушди

Ҳиндистоннинг Ғарбий Бенгалия штатидаги Дакшинешвар темирйўл бекатида 11 минг вольт кучланишли электр сими маҳаллий йўловчи поезди устига узилиб тушди. Ҳодиса оқибатида кучли учқунлар пайдо бўлиб, бекатни тутун қоплаган. Бу ҳақда The Sunday Guardian хабар берди.
Маълум қилинишича, электр сими поезд билан туташиши натижасида унинг атрофида кучли учқунлар ва ёруғ чақнашлар юзага келган. Воқеа жойидаги тутун ва кутилмаган чақнашлар поезд ичидаги йўловчилар ҳамда платформада кутиб турган одамлар орасида саросима келтириб чиқарган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда электр учқунлари бир неча бор чақнагани, тутун кўтарилгани ва одамлар хавфсиз жойга чекинишга ҳаракат қилганини кўриш мумкин.
Ҳодиса сабабли темирйўл қатновида вақтинчалик узилишлар юзага келган. Масъуллар электр таъминотини узиб, носозликни бартараф этиш ҳамда йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрган.
Дастлабки хабарларга кўра, ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар ёки жароҳат олганлар ҳақида маълумот йўқ.
Айрим нашрларда йўловчиларнинг омон қолиши поезднинг металл корпуси билан изоҳланган. Металл корпус электр зарядининг ташқи юза бўйлаб тарқалишига имкон бериши мумкин. Бироқ бу ҳолат поезд ичидагилар ҳар қандай вазиятда хавфсиз бўлади, дегани эмас.
Мутахассислар бундай ҳолатларда юқори кучланишли электр симига яқинлашмаслик, поезднинг ташқи қисмларига тегмаслик ва электр таъминоти узилгани масъуллар томонидан тасдиқланмагунча вагондан тушишга уринмаслик кераклигини таъкидлайди.
Кейинги янгилик

Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…