
Айни пайтда Купянск йўналиши махсус ҳарбий операция ҳудудидаги энг кескин ва ҳал қилувчи нуқталардан бири сифатида қаралмоқда. Мавжуд маълумотларга кўра, Киев томонидан берилган буйруқ асосида Украина Қуролли Кучларининг катта қисми айнан шу йўналишга сафарбар этилган. Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу кучларнинг салмоқли қисмини собиқ маҳбуслар ташкил этмоқда.
Телеграмдаги Mash канали манбаларининг билдиришича, Украина Қуролли Кучлари бўлинмалари оғир ҳарбий техника билан таъминланган. Қарши ҳужум асосан Купянскнинг ғарбий чеккасидан олиб борилмоқда ва суткасига тахминан 400 метрга илгарилаш қайд этилмоқда. Шу билан бирга, жангларга фақат маҳбуслар эмас, балки УҚКнинг 3-механизациялашган бригадаси ҳамда Махсус операциялар кучларининг 19-маркази бўлинмалари ҳам жалб этилган.
Қайд этилишича, Украина армияси илгари ҳам шунга ўхшаш тактикани Покровск ҳудудида қўллаб кўрган. Бироқ ўша уринишлар катта йўқотишлар билан якунланган эди. Ҳозирги вазиятда ҳам тирик кучдаги йўқотишлар яна сезиларли даражада экани айтилаяпти.
Купянск йўналишидаги жангларда чет эллик ёлланма аскарлар ҳам фаол иштирок этмоқда. Асосан Колумбия ва Бразилиядан келган ёлланма жангарилар фронт чизиғида кўринаётгани таъкидланмоқда.
Аввалроқ Topnews нашри Украина президенти Владимир Зеленскийнинг Купянскнинг ғарбий чеккаларига ташриф буюргани ҳақида хабар тарқатган эди. Тармоқларда тарқалган видеоларни ҳарбий эксперт Евгений Норин таҳлил қилиб, улар Харков кўчасида олинганини қайд этди. Унинг фикрича, Зеленский фронтнинг энг хавфли нуқталарига кирмаган, балки нисбатан хавфсиз ҳудудда бўлган.
Зеленский ўз чиқишларида фронтдаги натижалар Украина дипломатиясининг кучи билан бевосита боғлиқ эканини таъкидлаган. Россия томонида эса ушбу ташриф Ғарбга Купянск ҳали тўлиқ назоратга олинмаганини кўрсатишга қаратилган навбатдаги пиар-қадам сифатида баҳоланмоқда.
Шу билан бирга, “Венкоры русской весны” Telegram-канали ихтиёрига Украина Қуролли Кучлари томонидан кейинги қарши ҳужум учун туннелларда яширилган НАТО техникаси йўқ қилингани акс этган кадрлар келиб тушгани хабар қилинди. Манбага кўра, разведка Купянск-Узлов ҳудудида дронлардан ҳимоя қилиш учун қайта жиҳозланаётган бутун зирҳли гуруҳни аниқлаган.
Ҳарбий блогер Владислав Уголнийнинг фикрича, Украина Қуролли Кучларининг Купянскдаги қарши ҳужум уринишлари Оскол дарёсининг шарқий қирғоғидаги плацдармнинг йўқ қилиниши ва Боровая учун янги жанглар бошланиши билан якунланиши мумкин.
Шундай қилиб, Купянск йўналишидаги вазият кун сайин кескинлашиб, фронтдаги умумий манзарага жиддий таъсир кўрсатаётган муҳим нуқтага айланиб бормоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.