date

Германия Украина билан мудофаа саноати ҳамкорлигини кенгайтирмоқда

Германия Украина билан мудофаа саноати ҳамкорлигини кенгайтирмоқда

Германия ҳукумати Украина билан мудофаа саноати соҳасида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ниятида эканини очиқ билдирди. Расмий Берлин ҳарбий мақсаддаги маҳсулотларни биргаликда лойиҳалаш, ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, шунингдек, Киевни ушбу маҳсулотлар бўйича Европа бозорига янада чуқурроқ интеграция қилишга кўмаклашмоқчи. Бу режалар Германия пойтахтида ишлаб чиқилган 10 банддан иборат комплекс дастурда ўз ифодасини топган.

Maзкур ҳужжат 15 декабрь, душанба куни бўлиб ўтган Германия–Украина иқтисодий форумида тақдим этилди. dpa ва Reuters агентликлари тарқатган маълумотларга кўра, режа барча тегишли вазирлик ва давлат идоралари билан келишилган ҳолда тайёрланган. Унда Германия ва Европа Иттифоқи ҳамкорларининг Украина учун ҳарбий маҳсулотларни биргаликда харид қилишдаги иштирокини кенгайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Режада Германия ҳудудида Украина Қуролли кучлари эҳтиёжлари учун жанговар дронлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалари ҳам қайд этилган. Бу борада аввалроқ украин дрон ишлаб чиқарувчиси Frontline Robotics ҳамда Германиянинг мудофаа соҳасидаги йирик компанияси Quantum Systems ўртасида келишувга эришилгани маълум қилинган эди. Ушбу ҳамкорлик Украина армиясини замонавий технологиялар билан таъминлашда муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Икки давлат ўртасида қурол-яроғ ишлаб чиқарувчилар ҳамкорлигини тизимли йўлга қўйиш мақсадида Берлин шаҳрида Украина мудофаа саноати учун махсус контакт бюроси — Ukraine Freedom House ташкил этилиши режалаштирилган. Бу марказ ишлаб чиқарувчилар, инвесторлар ва давлат тузилмалари ўртасидаги мулоқотни осонлаштириши кутилмоқда.

Шунингдек, Германия Украина мудофаа секторига киритиладиган инвестициялар учун молиявий кафолатлар бериш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда. Томонлар иқтисодий инфратузилмани жосуслик, диверсия ва ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилиш соҳасида ҳам яқин ҳамкорлик қилишга келишиб олган.

Режанинг алоҳида банди ҳарбий техника ва қурол-яроғ харидида шаффофликни таъминлашга бағишланган. Ҳужжатда коррупцияга қарши қатъий чоралар кўриш ҳар икки томон учун мажбурий вазифа сифатида белгилаб қўйилган.

Қисқаси, Берлин тайёрлаган ушбу 10 бандли режа Германия–Украина муносабатларини фақат сиёсий эмас, балки технологик ва саноат жиҳатдан ҳам янги босқичга олиб чиқишга қаратилган. Бу ҳамкорлик яқин йилларда Европа хавфсизлик архитектурасида муҳим роль ўйнаши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Германия Украина билан мудофаа саноати ҳамкорлигини кенгайтирмоқда