date

Мисрдаги ўзбекистонликларга элчихонадан муҳим огоҳлантириш эълон қилинди

Мисрдаги ўзбекистонликларга элчихонадан муҳим огоҳлантириш эълон қилинди

Сўнгги кунларда Мисрда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушлаб турилиши билан боғлиқ мурожаатлар кўпайгани сабаб, Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси расмий баёнот билан чиқди. Дипломатик ваколатхона салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ватандошлардан маҳаллий қонун-қоидаларга қатъий амал қилишни сўрамоқда.

Элчихона маълум қилишича, ҳозирда Мисрнинг Қоҳира ва бошқа йирик шаҳарларида миграция қонунчилиги ҳамда жамоат тартибига риоя этилиши юзасидан текширувлар кучайтирилган. Айниқса, мамлакат ҳудудида ноқонуний бўлиб турган, амалдаги виза ёки яшаш рухсатномасига эга бўлмаган, шунингдек, жамоат тартибини бузган хорижий фуқароларга нисбатан қатъий маъмурий чоралар кўрилмоқда. Бу чоралар орасида депортация қилиш амалиёти ҳам мавжуд.

Элчихона ҳозирда ушбу ҳолатлар бўйича Мисрнинг тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари билан музокаралар олиб бораётганини таъкидлаган. Шу билан бирга, дипломатлар барча ўзбекистонликларни эҳтиёткор бўлишга ва қонун талабларига масъулият билан ёндашишга чақирмоқда.

Хусусан, элчихона Мисрда бўлиб турган фуқароларга шахсни тасдиқловчи ҳужжат — паспортни доимо ўзи билан олиб юриш, мамлакат ҳудудида қонуний бўлиш учун амалдаги виза ёки вақтинчалик ёхуд доимий яшаш рухсатномасини (иқома) расмийлаштириш, тегишли рухсатномасиз меҳнат фаолияти билан шуғулланмаслик, шунингдек, виза ва яшаш рухсатномаларининг амал қилиш муддатини ўз вақтида узайтиришни қатъий тавсия этди.

Элчихона таъкидича, ушбу қоидаларга амал қилиш орқали нохуш ҳолатлар, жарималар ва депортация каби оғир оқибатларнинг олдини олиш мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Мисрдаги ўзбекистонликларга элчихонадан муҳим огоҳлантириш эълон қилинди