date

Баффет кетяпти: Berkshire’да раҳбарликни энди Абел қабул қилади

Баффет кетяпти: Berkshire’да раҳбарликни энди Абел қабул қилади

Уолл-стритнинг “тирик афсона”си ҳисобланган Уоррен Баффет Berkshire Hathaway’даги бош директор (CEO) лавозимини тарк этяпти. Хориж ОАВларига кўра, компаниядаги “руль” 63 ёшли Грег Абел қўлига ўтади.

Маълумотларга қараганда, 95 ёшли Баффет CEO вазифасидан кетса-да, Berkshire’да раис (chairman) сифатида қолади ва Омаҳадаги офисидан ишлашда давом этиши айтилмоқда.

Грег Абел компанияда бегона эмас: у аввал Berkshire Hathaway Energy’ни бошқарган, кейин эса суғуртадан ташқари йўналишлардаги бизнеслар учун масъул раҳбар сифатида ишлаб келган. Энди эса унга бутун “империя” мерос қоляпти — ва энг катта саволлардан бири: Berkshire’нинг улкан нақд захираси билан нима қилиш.

Berkshire Hathaway'нинг ўзи оддий компания эмас — бу бутун бир экотизим. У темирйўл (BNSF), суғурта (Geico) ва турли брендлардан иборат катта портфелга эга. Баффет эса бир вақтлар тўқимачилик фабрикаси бўлган компанияни йиллар давомида инвестиция гигантига айлантирган.

Қизиғи, Berkshire 2024 йил август ойида капиталлашуви 1 триллион доллардан ошган, технология соҳасидан ташқаридаги биринчи Америка компанияларидан бири сифатида ҳам тарихга кирган эди.

Баффетнинг шахсий йўли ҳам алоҳида мавзу: у вафотидан кейин йиғилган бойлик фарзандлари бошқарадиган янги хайрия жамғармасига йўналтирилишини айтгани ҳақида ҳам хабарлар бор.

Қисқаси, Berkshire учун янги давр бошланяпти: энди бозор “Абел Баффет даражасида вазмин ва узоқни кўра оладими?” деган саволга жавоб излайди. Аммо битта нарса аниқ — бу алмашинув шов-шув эмас, тарихий бурилиш.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Баффет кетяпти: Berkshire’да раҳбарликни энди Абел қабул қилади