Трамп Эронга ҳарбий вариантни рад этмади: ҳарбий кемалар йўл олмоқда

АҚШ президенти Доналд Трамп Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар эҳтимоли ҳақидаги саволларга яна “йўқ” деб нуқта қўймади. Унинг сўзларига кўра, Вашингтонда “ҳар эҳтимолга қарши” ҳаракат режаси бор ва АҚШнинг улкан ҳарбий флоти минтақадаги вазиятга қараб ҳаракатлантирилмоқда.
Трамп бу фикрларни пайшанба куни, 22 январда Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида қатнашиб қайтар экан, журналистлар билан мулоқотда айтди. “Бизда армада бор — катта флот ҳар эҳтимолга қарши ўша томон ҳаракатланяпти. Балки уни ишлатишга тўғри келмас. Кўрамиз”, — деган Оқ уй раҳбари.
Шу билан бирга, Трамп Теҳронга қарши куч ишлатишни хоҳламаётганини ҳам таъкидлади. У “Эронни диққат билан кузатяпмиз” деб, вазият назорат остида эканини қайд этган.
Reuters агентлиги исмини ошкор қилмасликни сўраган америкалик амалдорларга таяниб хабар беришича, яқин кунларда Яқин Шарққа “Авраам Линколн” авиаташувчиси ҳамроҳлигида бошқариладиган ракеталарга эга бир неча эсминецлар етиб бориши кутилмоқда. Манбалардан бири минтақада АҚШ базаларини эҳтимолий зарбалардан ҳимоя қилиш учун қўшимча ҳаво мудофааси тизимлари ҳам жойлаштирилиши мумкинлигини айтган.
Бу баёнотлар Эронда 2025 йил декабри охирида бошланган оммавий намойишлар ва уларнинг қаттиққўллик билан бостирилиши фонида янгради. АҚШда жойлашган HRANA ҳуқуқни ҳимоя қилиш тармоғи маълумотларига кўра, намойишларни бостириш жараёнида 5002 киши ҳалок бўлгани тасдиқланган. Улар орасида 4714 нафар намойишчи, 207 нафар давлат ходими, 42 нафар вояга етмаган ва 39 нафар тасодифий шахс қайд этилган. Қолаверса, яна 9787 та ўлим ҳолати бўйича текширув давом этаётгани билдирилган.
Шунингдек, Reuters агентлигига махфийлик шарти билан гапирган Эрон ҳукумати вакили ҳам шунга яқин рақамни тилга олган: камида 5000 киши ҳалок бўлган, улар орасида тахминан 500 нафар куч тузилмалари ходимлари бор. Ушбу амалдор “айби йўқ эронликлар” ўлими учун масъулиятни намойишчилар зиммасига юклашга урингани ҳам айтилган.
HRANA фаоллари маълумотларига кўра, тахминан 26 800 киши ҳибсга олинган. Эрон давлат ОАВлари ҳам мамлакатнинг бир нечта ҳудудларида сўнгги кунларда кўплаб ҳибслар бўлганини хабар қилган.
Эслатиб ўтиш жоиз, Трамп аввалроқ ҳам кескин оҳангда чиқиш қилган: агар Эрон ҳокимияти намойишчиларни оммавий равишда ўлдира бошласа, Теҳронга “ҳали кўрилмаган зарбалар” берилиши мумкинлигини айтган, намойишчиларга ёрдам “йўлда” эканини ҳам билдирган эди. Бироқ 16 январ куни у нисбатан юмшоқроқ оҳангда гапириб, “Эрон 800 дан зиёд одамни осиб ўлдиришни бекор қилди”, деган.
Шу билан бир вақтда, Трамп маъмурияти ҳарбий сценарийга тайёргарликни тўхтатмаган. Axios нашри манбаларга таяниб, зарбалар бўйича қарор кечиктирилганини, аммо ҳарбий вариант кун тартибидан бутунлай олиб ташланмаганини қайд этган.
Ҳозирча асосий савол шу: Вашингтон “флот юриб боряпти” деган сигнал билан босимни ошириб, дипломатик натижа чиқармоқчими ёки воқеалар ҳақиқатан ҳам янги босқичга ўтиб кетадими. Трампнинг “кўрамиз” дегани эса, одатдагидек, энг катта ноаниқликни қолдирди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!