АҚШда қиш қаҳри рейсларни тўхтатди, штатлар изтиробда қолди

АҚШ ҳудудида кучайиб бораётган қор бўрони мамлакат транспорт тизимига жиддий таъсир кўрсатди. Fox News телеканали маълум қилишича, ноқулай об-ҳаво сабаб 10 мингдан ортиқ авиарейслар бекор қилинган. Associated Press эса бўрон яқин соатларда мамлакатнинг деярли барча минтақаларини қамраб олиши мумкинлигини хабар қилмоқда.
Қор ва музламалар нафақат ҳаво қатновига, балки кундалик ҳаётга ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Fox News маълумотига кўра, табиий офат оқибатида 18 мингдан зиёд истеъмолчи электр таъминотисиз қолган. Айни пайтда 18 та штатда фавқулодда ҳолат режими жорий этилган бўлиб, маҳаллий ҳокимият аҳолини эҳтиёт чораларига қатъий риоя қилишга чақирмоқда.
Миллий метеорология хизмати прогнозларига кўра, шарқий Техасдан тортиб Шимолий Каролинагача бўлган ҳудудларда кучли қор ёғиши ва музламалар юзага келиши кутилмоқда. Айрим жойларда йўл ҳаракати тўхтаб қолиши, мактаб ва муассасалар вақтинча ёпилиши эҳтимоли ҳам юқори баҳоланмоқда.
Фавқулодда вазиятларни бошқариш федерал агентлиги эса вазиятга тайёргарлик кўриш мақсадида 250 минг порция озиқ-овқат, 400 минг литр ичимлик суви ва 30 та электр генераторини захирага тайёрлаб қўйган. ABC News хабарига кўра, 28 та шаҳарда қидирув-қутқарув гуруҳлари тўлиқ шай ҳолатга келтирилган.
Мутахассислар аҳолини асоссиз сафарлардан воз кечишга, электр ва иссиқлик тизимларидан эҳтиёткорлик билан фойдаланишга чақирар экан, об-ҳаво яхшиланмагунча вазият жиддий қолишини таъкидламоқда.