Ҳиндистонда ўлим даражаси юқори бўлган Нипаҳ вируси яна авж олди

Ҳиндистонда Нипаҳ вируси билан боғлиқ навбатдаги касалланишлар қайд этилди. Ғарбий Бенгалия штатида камида беш киши зарарлангани тасдиқланди, беморлар орасида шифокорлар ва ҳамширалар ҳам бор. The Independent хабарига кўра, қарийб 100 киши уй шароитида карантинга юборилган. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Зарарланганлар Калкутта ҳамда унга яқин тиббиёт муассасаларида шифохонага ётқизилган. Мутахассислар Нипаҳ вируси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таснифида энг хавфли патогенлар қаторига киритилишини эслатмоқда.
Ушбу вирусда ўлим кўрсаткичи 40–75 фоизгача етиши мумкин. Ҳозирча вакцинаси ҳам, аниқ йўналтирилган давоси ҳам йўқ — беморларга фақат симптомларни енгиллаштиришга қаратилган қўллаб-қувватловчи муолажалар кўрсатилади.
Асосий ташувчи сифатида ярасалар тилга олинади. Инфекция ҳайвонлар орқали, озиқ-овқат маҳсулотлари орқали ёки одамдан одамга юқиши мумкин. Инкубация даври одатда 4 кундан 21 кунгача давом этади.
Касаллик кўпинча гриппга ўхшаш аломатлар — юқори ҳарорат, бош ва мушак оғриғи, кучли ҳолсизлик билан бошланади. Айрим ҳолатларда йўтал, нафас қисиши ва пневмония ривожланади.
Энг хавфли асорат сифатида мия яллиғланиши қайд этилади: у онгнинг чалкашиши, тутқаноқ хуружлари билан кечиши ва комага олиб келиши мумкин. Омондон чиққанларнинг айримида узоқ муддатли оқибатлар, жумладан қайталанувчи энцефалит кузатилади.
Нипаҳ вируси илк бор 1999 йилда Малайзияда аниқланган. Шундан буён Бангладеш ва Ҳиндистонда вақти-вақти билан касалланиш тўлқинлари қайд этиб келинади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!