Сунъий йўлдош тасвирлари Эрон ҳужумлари оқибатларини фош қилди

Яқин Шарқдаги ҳарбий вазият кескинлашиб бормоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, Эрон минтақадаги АҚШ ва унинг иттифоқчилари ҳарбий инфратузилмасига қарши самарали операцияларни амалга оширмоқда. Сунъий йўлдош орқали олинган суратлар Эрон ракеталари ва дронлари АҚШнинг муҳим мудофаа тизимларига, хусусан, радар станциялари ҳамда THAAD мажмуаларига жиддий зарар етказганини тасдиқламоқда. Бу ҳақда topnews.ru хабар беради.

Таҳлилчиларнинг қайд этишича, 5 март ҳолатига кўра, Эрон кучлари 27 га яқин Америка ҳарбий объектига ҳужум қилган. Жумладан, Қатардаги қиймати 1,1 миллиард долларга баҳоланаётган AN/FPS 132 радар станцияси "Shahed 136" дрони орқали нишонга олинган. Шунингдек, БАА, Иордания ва Саудия Арабистонидаги базаларда ҳам вайронагарчиликлар кузатилган.

Экспертлар бу қарама-қаршиликни "чарчатиш уруши" деб атамоқда. АҚШ ўзининг қимматбаҳо ракеталарини тез суръатда сарфламоқда, бу эса захираларнинг камайиб кетиш хавфини туғдирмоқда. Washington Post нашри хабарига кўра, Пентагон юқори технологияли ўқ-дорилар танқислиги сабабли нишонларни танлашда қийинчиликларга дуч келмоқда.
Бошқа томондан, Эрон ҳам катта йўқотишларга учрамоқда. АҚШ ва Исроил авиацияси Эроннинг ер ости ракета базалари ҳамда учириш қурилмаларини нишонга олмоқда. Сўнгги кунларда Эрон ҳужумлари интенсивлиги сезиларли даражада пасайган бўлса-да, мутахассислар буни Теҳроннинг янги тактикага ўтаётгани ёки ресурсларни қайта баҳолаётгани билан изоҳламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!