Ўзбекистон ва Буюк Британия маҳаллаларни бошқариш тажрибасини ўртоқлашди

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси ўринбосари Жавдат Иноғомов бошчилигидаги делегация Буюк Британияга хизмат сафарини амалга оширди. Ташриф доирасида Эссекс графлигининг Брентвуд шаҳри маҳаллий бошқарув кенгаши вакиллари билан учрашув ўтказилди. Томонлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш тизимини такомиллаштириш ва тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Учрашувда Ўзбекистондаги маҳалла институти фаолияти, хусусан, аҳоли муаммоларини ҳал этиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлашдаги ўрни ҳақида батафсил маълумот берилди. Британиялик мутахассислар маҳалланинг халққа яқинлиги ва ижтимоий бирликни таъминлашдаги аҳамиятини юқори баҳоладилар. Ўз навбатида, ўзбекистонлик вакиллар Британия тизимидаги институционал бошқарув, молиявий мустақиллик ва ваколатларнинг аниқ тақсимланиши каби жиҳатларни ўргандилар.
Мулоқот якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни тизимли давом эттиришга келишиб олдилар. Келгусида қўшма семинарлар ўтказиш ва амалий ташрифларни ташкил этиш режалаштирилди. Ушбу ҳамкорлик маҳаллий бошқарув тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш ҳамда жамоат манфаатларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!