Эронда оммавий сафарбарлик бошланди: 1 миллион аскар йўналтирилди

Яқин Шарқдаги геосиёсий вазият тобора таранг тус олаётган бир пайтда, Эронда кенг кўламли сафарбарлик жараёнлари бошлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Tasnim ва Mehr агентликларининг маълумотига кўра, бир миллиондан ортиқ фуқаро мамлакат жанубий ҳудудларига йўналтирилган бўлиб, улар эҳтимолий ҳарбий тўқнашувларга тайёр ҳолатга келтирилмоқда.
Маълум қилинишича, расмий доиралар нафақат мавжуд ҳарбий тузилмаларни фаоллаштирмоқда, балки кўнгилли равишда хизмат қилишни истаган ёшлардан тушаётган аризалар сони ҳам кескин ортиб бормоқда. Хусусан, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК), шунингдек, «Басиж» халқ милицияси ва мунтазам армия сафига қўшилиш истагида бўлганлар кўпайгани қайд этилмоқда.
Мутахассислар маълумотига кўра, Эрон қуролли кучлари таркибидаги умумий фаол ҳарбийлар сони 600 мингдан 800 минггача баҳоланади. Бу таркибга мунтазам армия — Артеш ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси киради. Айниқса, ИИҚК элита ҳарбий тузилма сифатида алоҳида ўрин тутади ва унинг сафида 150 мингдан ортиқ хизматчи борлиги айтилади.
Шу билан бирга, ИИҚК таркибидаги «Басиж» кучлари ҳам жиддий ресурс ҳисобланади. Унда 90 мингга яқин фаол аъзо ва юз минглаб захирадагилар мавжуд бўлиб, зарурат туғилганда бу кўрсаткич бир неча баробарга ошиши мумкин. Айрим баҳоларга кўра, умумий сафарбарлик салоҳияти 10 миллион нафаргача етиши эҳтимолдан холи эмас.
Айни пайтда Қўшма Штатлар томонидан ҳам ҳарбий тайёргарлик кучайтирилаётгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлмоқда. Хусусан, Пентагон 82-ҳаво-десант дивизиясига қарашли қарийб икки минг нафар ҳарбийни Яқин Шарққа жойлаштириш бўйича буйруқ бергани айтилмоқда.
Бундан ташқари, ОАВларда АҚШ томони эҳтимолий қуруқлик операцияси доирасида Ҳўрмуз бўғози атрофидаги стратегик оролларни назоратга олиш ёки блокада қилиш сценарийларини ҳам кўриб чиқаётгани қайд этилган. Бу эса минтақадаги вазиятни янада мураккаблаштириши мумкин.
Шу фондан келиб чиқиб, Исроил ҳам ўз хавфсизлигини мустаҳкамлаш чораларини кўрмоқда. Маълум бўлишича, мамлакат 400 минггача захирадаги ҳарбийларни сафарбар қилиш режасини тасдиқлаган. Бу қарор «Ҳизбуллоҳ» билан боғлиқ таҳдидлар ва минтақадаги умумий беқарорлик билан изоҳланмоқда.
Қисқаси, ҳозирги вазият ҳар томонлама жиддий ва эҳтиёткорликни талаб қилади. Томонлар ўртасидаги кескинлик дипломатик йўл билан ҳал этилмаса, бу ҳолат янада катта можарога айланиб кетиши мумкин. Ҳозирча эса барча нигоҳлар Яқин Шарқдаги ривожланаётган воқеаларга қаратилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!