Ҳиндистонда эркаклар аёллар тунги кўйлагида банкоматдаги пулларни ўғирлади (видео)

Ҳиндистоннинг Телангана штатида ноодатий банкомат ўғирлиги содир бўлди. Номаълум шахслар жиноят жойига тез ёрдам машинасида келиб, аёллар тунги кўйлаклари ва ниқобларда банкоматни бузиб, ичидаги пулларни олиб кетган. Бу ҳақда Zakon.kz хабар берди.
Ҳодиса Камаредди туманида юз берган. Кузатув камералари ёзувларида тунги соат бирлар атрофида банк биноси олдига тез ёрдам машинасига ўхшаш транспорт воситаси келиб тўхтагани акс этган. Ундан аёллар тунги кўйлакларини кийган ва юзларига ниқоб таққан эркаклар тушган.
Босқинчилар махсус кесувчи асбоблар ёрдамида банкоматни бузиб, ичидаги барча нақд пулни олиб, воқеа жойидан қочиб кетган.
Эрталаб маҳаллий аҳоли банкоматнинг бузилганини пайқаб, полицияга хабар берган. Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари кузатув камераларидаги ёзувларни ўрганиб, гумонланувчиларнинг шахсини аниқлаш ва уларнинг ҳаракат йўналишини кузатишга ҳаракат қилмоқда.
Шунингдек, терговчилар жиноятчилар фойдаланган транспорт воситаси ҳақиқий тез ёрдам машинаси бўлганми ёки улар бошқа автомобилни тез ёрдам машинасига ўхшатиб безатганми, деган саволга ҳам аниқлик киритмоқда.
Банкоматдан қанча пул ўғирлангани ҳозирча маълум эмас. Аниқ миқдор банк ходимлари томонидан ҳисобланмоқда.






























Изоҳлар 0
…