Тинч океанида сув ҳарорати 150 кундан бери рекорд даражада сақланмоқда

Тинч океанида сув ҳарорати 150 кундан бери рекорд даражада сақланмоқда
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Тинч океанининг марказий экваториал қисмида сув ҳарорати кетма-кет 150 кундан буён рекорд даражада юқори сақланиб қолмоқда.
  • Ушбу ғайриоддий исиш оқибатида Жанубий Американинг ғарбий ҳудудларида, хусусан, Перу ва Эквадорда кучли ёғингарчилик, сув тошқинлари ҳамда кўчкилар кузатилмоқда.
  • Ҳудуддаги сув ҳарорати 30,2 даражадан 31,6 даражагача етиб, 2015 йилдаги 29,8 даражалик рекорд кўрсаткични янгилади.

Тинч океанининг Эль-Ниньо ҳодисаси ўлчанадиган марказий экваториал қисмида сув ҳарорати кетма-кет 150 кундан бери рекорд даражада юқори бўлмоқда. Океандаги ғайриоддий исиш Жанубий Американинг ғарбий қисмида кучли ёғингарчилик, сув тошқинлари ва кўчкиларга сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда «The Washington Post» хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, ушбу ҳудудда сувнинг ўртача ҳарорати 30,2 даражага етган, айрим жойларда эса 31,6 даражагача кўтарилган. Бунгача қайд этилган энг юқори кўрсаткич 2015 йилда кузатилган бўлиб, 29,8 даражани ташкил этган.

Эль-Ниньонинг таъсири, айниқса, Перу ва Эквадорда сезилмоқда. Перудаги метеорологик консалтинг компанияси раҳбари Абраҳам Леви ушбу икки давлат замонавий тарихдаги энг кучли Эль-Ниньо ҳодисаларидан бирига тайёргарлик кўраётганини айтган.

Эквадорнинг Гуаякиль шаҳрида октябрь ойи давомида қарийб 50,8 сантиметр ёмғир ёққан. Ҳолбуки, бу ҳудудда мазкур ой учун ўртача ёғингарчилик миқдори атиги 0,5 сантиметрни ташкил этади. Бу одатдаги кўрсаткичдан қарийб 100 баравар кўп.

Шунингдек, ўтган ҳафта Эквадор пойтахти Китода кучли ёмғирлар сув тошқинларига олиб келган. Чили пойтахти Сантьягода эса жала ёмғирлари вайронкор сел ва кўчкиларни келтириб чиқарган.

Перу соҳиллари яқинида океан сувининг ҳарорати меъёрдан 9,4 даражагача юқори қайд этилмоқда. Мутахассислар мамлакатда ёмғирли мавсум бошланиши билан вазият янада оғирлашиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Эль-Ниньо ҳодисаси АҚШдаги қишки об-ҳавога ҳам таъсир қилиши кутилмоқда. Прогнозларга кўра, мамлакатнинг ғарбий ва шарқий соҳилларида бўронлар фаоллашиши, Калифорнияда сув тошқинлари, Флоридада эса одатдагидан кўпроқ ёғингарчилик кузатилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Эль-Ниньо — экваториал Тинч океанининг марказий ва шарқий қисмида сув юзаси ҳароратининг даврий равишда кўтарилиши билан боғлиқ иқлим ҳодисаси. У океан ва атмосфера ўртасидаги жараёнларга таъсир қилиб, дунёнинг турли ҳудудларида ёғингарчилик, қурғоқчилик ва ҳарорат ўзгаришларига сабаб бўлиши мумкин.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар