«Оскар» совриндори Мэттью Макконахи АҚШ президентлигига номзод бўлиши мумкин

Голливуд актёри, «Оскар» мукофоти совриндори Мэттью Макконахининг 2028 йилги АҚШ президентлик сайловларида мустақил номзод сифатида иштирок этиши мумкинлиги муҳокама қилинмоқда. Актёрнинг мустақил сиёсатчиларни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги видеомурожаати ва сиёсий фаолиятига оид тахминлар бунга сабаб бўлди. Бу ҳақда The Hill нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, Макконахи октябрь ойида ижтимоий тармоқларда эълон қилган видеомурожаатида америкаликларни Демократик ва Республикачилар партияларидан ташқари мустақил номзодларга ҳам эътибор қаратишга чақирган.
Актёрнинг фикрича, мустақил номзодлар сиёсий жараёнда фақат норозилик билдириш ёки асосий партиялар вакилларига тўсқинлик қилиш учун эмас, балки ҳақиқий ғалаба қозониш имкониятига эга сиёсий куч сифатида иштирок этиши керак. У бундай номзодлар икки асосий партия ўртасидаги рақобатни мувозанатлаштириб, сиёсатни кўпроқ америкаликларнинг қараш ва қадриятларига яқинлаштириши мумкинлигини таъкидлаган.
Актёрнинг чиқиши 2028 йилги президентлик сайловларида унинг номзодини илгари суриши мумкинлиги ҳақидаги муҳокамаларни кучайтирди. 2020 йилги президентлик сайловларида қатнашган тадбиркор Эндрю Янг ҳам Макконахининг видеомурожаати бундай тахминларга туртки бўлганини айтган. Унинг фикрича, актёр бундай чиқиш қилган экан, демак, сиёсий майдонга кириш имкониятини ўйлаётган бўлиши мумкин.
Техас штатидаги сенаторлик сайловларида ғолиб чиққан Жеймс Таларико ҳам Макконахини яхши номзод бўлиши мумкин деб баҳолаган ва актёр сиёсатга киришни жиддий ўйласа, номзодини илгари суриши кераклигини билдирган.
Қайд этиш жоиз, Макконахи аввалроқ ўз ватани — Техас штати губернаторлиги учун номзодини қўйиш имкониятини ҳам кўриб чиққан. Бироқ у ҳозиргача 2028 йилги президентлик сайловларида иштирок этиш ниятини расман эълон қилмаган.
Кейинги янгилик

Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…