17:00 / 03.12.2018
3 884

“Катта йигирматалик” нималарни муҳокама қилди?

“Катта йигирматалик” нималарни муҳокама қилди?
G20 – энг ривожланган ва ривожланаётган давлатлар ҳукуматлари ва марказий банклари раҳбарлари иштирокидаги клуб. Бу давлатларни хаёлан бирлаштирсак дунё ялпи маҳсулотининг 85 фоизини, дунё жами савдосининг 75 фоизини ҳамда дунё аҳолисининг учдан иккисини ҳосил қиламиз.

Булар: Австралия, Аргентина, Бразилия, Буюк Британия, Германия, Ҳиндистон, Индонезия, Италия, Канада, Хитой, Мексика, Россия, Саудия Арабистони, АҚШ, Туркия, Франция, Жанубий Корея, ЖАР, Япония ва Европа иттифоқи. Бугунликда G20 саммитлари халқаро молия- иқтисод тизимига оид ҳамкорлик ва маслаҳатлашувнинг глобал форумидир.

Охирги саммит 30 ноябр – 1 декабр кунлари Аргентина пойтахтида бўлиб ўтди. Буэнос-Айресда нималар муҳокама қилинди?

Бутунжаҳон савдо ташкилотини ислоҳ қилиш

Мазкур саммитда “катта йигирматалик” Бутунжаҳон савдо ташкилотини ислоҳ қилишга келишиб олди. Бу ташкилотнинг фаолияти давр талабига жавоб бермаётгани, ишлари мўлжалга етиб бормаётгани эътироф этилди. “Шу сабабдан биз Бутунжаҳон савдо ташкилоти ислоҳотини қўллаб-қувватлаймиз”, – дейилади якуний декларацияда.

Иқтисодиёт

G20 давлатлари иқтисодиёт ўсишига эришиш учун барча сиёсий чораларни кўришга келишиб олишди. Ўтган даврда мамлакатларнинг бу йўналишдаги ҳаракатлари “оз уйғун бўлганлиги” ва “баъзи хавфлар юзага чиққани” эътироф этилди.

Иштирокчилар валюта ва солиқ сиёсатини бир маромда, иқтисодий ўсиш ва нархлар турғунлигини таъминловчи шаклда олиб боришга қарор қилишди.

Миграция

Шу жумладан “йигирматалик” ноилож миграция сабабларини бартараф этиш устида ишлашга келишиб олишди.

Сиёсий, иқтисодий, ижтимоий нотинчлик кўринишлари натижасида ўтроқ аҳолининг ўз юртидан бошқа жойга қочиши ҳаммани хавотирга солаётгани, бунинг сабабларини биргаликда бартараф этиш, қийналганларга гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича ҳамкорлик қилиш муҳим аҳамият касб этиши эътироф этилди.

Иқлим

Якуний декларациянинг яна бир қисми Иқлим бўйича Париж битимига бағишланди. Саммит иштирокчилари бу битимнинг собитлигини эътироф этишди ва бажарилишини таъминлашга келишишди. Хусусан иштирокчилар иқлим ўзгаришига қарши курашни давом этиш истагини билдиришди.

Битимдан илгарироқ чиққан АҚШ ўз қарорини яна бир бор тасдиқлади ва табиатни асраган ҳолда иқтисодий ўсишни таъминлаш, энергия захираларига йўл очиш ва хавфсизликни таъминлаш йўлида собит туришини таъкидлади.

“Дийдор баҳона”

Энди бевосита саммит дастурига кирмаган, аммо ҳамманинг эътиборини бир неча баробар кўпроқ тортган икки ҳолат ҳақида.

Трамп ва Си Цзинпин келишиб олишди

Аввалроқ бошланган Хитой-АҚШ савдо урушига айнан мазкур саммит баҳонасида уюштирилган, икки давлат раҳбарининг учрашуви доирасида барҳам берилганга ўхшайди. Ҳар ҳолда иккала тараф ахборот агентликлари томонидан ҳам янграган сўзлар бунга ишора қилиб турибди.

“Улар камида 90 кун мобайнида янги тарифларни жорий қилмасликка қарор қилишди” – деб хабар беради Reuters агентлиги икки раҳбарга ишора қилиб Оқ уй матбуот хизматига таяниб.

“Хитой ва АҚШ барча амалдаги тарифларни бекор қилишга қаратилган музокараларни тезлатишади”, – деб хабар беради ўз навбатида Синхуа ахборот агентлиги ташқи ишлар вазирлигига таяниб. “Учрашув давомида икки давлат раҳбарлари Хитой-Америка муносабатларини албатта яхшилаш керак, улар албатта яхшиланади, деб келишиб олишди” ҳамда “Раис Си Цзинпин ва АҚШ президенти Доналд Трамп қулай пайт келганда ташриф алмашишга келишиб олишди”, – деб ёзади яна ўша манба.

Шундай қилиб, Вашингтон нафақат Хитой товарларига нисбатан жорий қилмоқчи бўлган 25 фоизлик тарифларни бекор қилди, балки мазкур учрашув савдо урушига нуқта қўйган бўлиши ҳам мумкин. Бу ёғини вақт кўрсатади.

Керч бўғози воқеаси муҳокама қилинмади

Кўплар Украина-Россия ўртасида бўлиб ўтган воқеалар эътибор марказида бўлишини кутишган эди. Аммо ундай бўлмади. Дунёни хавотирга солиб қўйган мазкур ҳолат атрофида кўплаб тафсилотлар борки, уни узил-кесил ҳал қилиш ёхуд ўта қатъий позицияни эгаллаш мушкуллик туғдирмоқда.

Путин билан саммит доирасида белгиланган расмий учрашувини бекор қилган, буни Керч воқеаси билан боғлаган Трамп у билан билан “оёқ устида” гаплашиб олди. “Масала ва муаммоларга доир унинг ўз ёндашуви бор, менинг ўз ёндашувим. Ҳар ҳолда мен ҳодиса ҳақида ўзимизнинг қарашларимизни баён этдим”, – деди Владимир Путин.

Эътиборга лойиқ қизиқ бир ҳолат: Россия президенти Путин АҚШ, Германия, Франция раҳбарларига ҳолатни тасвирлаб беришга, ҳатто қўлига қалам олиб бўлган воқеани ўзи чизган қўлбола харитада кўрсатиб беришга уринди.

Саммит натижалари бўйича мамлакатлар қийинчилик билан биргаликдаги баёнот қабул қилишди. Бироқ ушбу якуний ҳужжат умумий тусга эга бўлиб, бирон бир соҳада янгилик келтирмади. Шу билан бирга, шуни таъкидлаш керакки, G20 формати фундаментал қарорлар қабул қилишга мўлжалланмаган ҳам.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » “Катта йигирматалик” нималарни муҳокама қилди?