21:06 / 21.12.2018
5 662

Толибонлар Афғонистондаги инқирозни ҳарбий йўл билан ҳал қилиш имконсизлигини тан олмоқда

Толибонлар Афғонистондаги инқирозни ҳарбий йўл билан ҳал қилиш имконсизлигини тан олмоқда
Фото:EADaily
АҚШ махсус вакили Залмай Халилзоднинг айтишича, Толибонлар Афғонистондаги инқирозни ҳарбий йўл билан ҳал этиш имкониятини кўрмаяпти. Халилзод бу ҳақда Абу-Дабида Толибон вакиллари билан музокара олиб боргандан сўнг 20 декабрь куни "Tolo News"га берган интервьюсида айтган.

“Толибонлар ҳарбий ечим йўқ, бу орқали биз сизларни енга олмаймиз, деб айтишди. Шунингдек, улар муаммони ҳал қилиш учун аввал АҚШ билан, кейин афғон ҳукумати билан музокаралар олиб бориш зарурлигини билдиришди”, деган Халилзод.

Абу-Дабида Толибонлар билан бўлган музокарада АҚШ, Бирлашган араб амирликлари, Саудия Арабистони ва Покистондан вакиллар иштирок этган. У ерга Толибонлар билан “ёпиқ музокара” олиб бориш учун Афғонистон ҳукуматининг делегацияси ҳам келган, бироқ Толибонлар улар билан учрашишни истамаган.

Халилзод бу қарорни хато деб баҳолаган. “Толибонларнинг ҳаракати музокараларда қатнашган давлатларда “Толибонлар чиндан ҳам тинчликни истаяптими?” деган шубҳа уйғотди”, дейди Халилзод.

АҚШ махсус вакили Абу-Дабидаги учрашувда Толибонлар билан Афғонистонда уч ойлик сулҳ келишуви муҳокама қилинганини айтган. Шунингдек, у музокаралар давомида сиёсий тизимни ўзгартириш, Афғонистон ички ишлари ҳақида гап бормаганини қўшича қилган.

Сўнгги бир неча ой ичида Халилзод камида икки марта Қатарда Толибонлар билан учрашди. Қатарда Толибонларнинг сиёсий ваколатхонаси жойлашган. Бундан ташқари, у Афғонистондаги тинчлик мулоқотини тарғиб қилиш мақсадида Покистон, Афғонистон, Россия ва Ўзбекистонга ҳам борган.

Толибон матбуот котиби Забиулла Мужохид Бирлашган араб амирликларида Америка делегацияси Толибонлар билан музокара олиб борганини тасдиқлаган.

Покистоннинг "News" газетаси, ўз манбасига таянган ҳолда 17 декабрь куни Абу-Дабида бўлиб ўтган музокара ҳақида хабар берган. Манбага кўра, АҚШ Толибонларга ярим йилга тинчлик сулҳини тузишни ва миллий бирлик ҳаракатига қўшилиб, Афғонистон сиёсий тизимининг бир қисмига айланишни таклиф қилган. Ўз навбатида Толибонлар бунинг эвазига АҚШда сақланаётган Толибон вакилларини озод қилишни, уларга қўйилган тақиқларни олиб ташлашни, Толибон лидерларининг исмини халқаро “қора рўйхат”дан олиб ташлашни сўрашган. Шунингдек, улар Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиқиш бўйича аниқ санани маълум қилишларини талаб этишган.

"Tolo News"нинг ёзишича, БАА, Саудия Арабистони ва Покистон бундай келишувга кафиллик берадиган бўлса, Толибонлар сулҳ тузишга тайёр. Бундан ташқари, Толибонлар Миллий бирлик ҳаракатининг раҳбарлари сифатида ўзларидан номзод бўлишини талаб қилган. Бироқ бу хабарни Толибон матбуот хизмати рад этган.

20 декабрь куни Доналд Трамп Афғонистондан 5 мингдан зиёд аскарини олиб чиқишни режалаштираётганини айтган. Бу АҚШнинг Толибонлар билан музокараларни қўллаб-қувватлашини англатади. Ўз навбатида расмий Кобул АҚШ аскарларининг олиб чиқилиши мамлакат хавфсизлигига таъсир қилмаслигини маълум қилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Толибонлар Афғонистондаги инқирозни ҳарбий йўл билан ҳал қилиш имконсизлигини тан олмоқда