
Расмий Пхеньян Қримнинг Россияга таркибига қўшиб олинганини маъқуллайди ва бу ўзини оқлаган ҳаракат деб ҳисоблайди. Бу ҳақда, Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот ва ахборот департаменти директори Чжон Дон Хакнинг интервьюсига асосланиб, “ТАСС” хабар бермоқда.
Шимолий кореялик амалдор Украинадаги воқеалар муносабати билан Россия халқига ўз марраларини муносиб ҳимоя қилишни тилаб, ҳозирги вақтда Россияга қарши халқаро кампания “АҚШ ва Ғарб мамлакатлари” томонидан уюштирилганини таъкидлаган.
Чжон Дон Хакнинг сўзларига кўра, расмий Пхеньян “ўз миллий манфаатлари учун қатъий курашаётган Россиянинг нуқтаи назарини адолатли деб ҳисоблайди”.
Дипломат, шунингдек, замонавий жаҳон сиёсатини беқарорлаштириб турган омилларни ҳам санаб ўтган. Унга кўра, бу – Украинадаги сиёсий инқироз ва Яқин Шарқда “Ислом давлати” террорчилик ташкилотининг борлиги.
Бундан ташқари, Чжон Дон Хак КХДР Россия билан дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ниятида эканлигини маълум қилган. Хусусан, 2015 йилнинг майида, Иккинчи Жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 70 йиллиги тантаналарида Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Москвага келиши керак. Бу унинг КХДР етакчиси сифатида илк хориж сафари бўлади.
Қрим 2014 йилнинг март ойида, яриморолда минтақанинг мақоми хусусида ўтказилган референдумдан сўнг Россия таркибига қўшиб олинган эди. Расмий Киев, шунингдек Ғарб давлатлари ушбу қарорни қоралашган – Европа Иттифоқи аъзолари ва НАТО Россияни Украинанинг ички ишларига қуролли йўл билан аралашишда айблаб чиқишган.
Манба: Kun.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар