Трамп ўзига қарши импичмент жараёнини давлат тўнтарувига уриниш деб атади

  • 18 декабрь 2019, 10:23
  • 657
  • Дунё
  • Трамп ўзига қарши импичмент жараёнини давлат тўнтарувига уриниш деб атади
    Фото: AP Photo/Evan Vucci
    АҚШ президенти Дональд Трамп унга қарши импичмент жараёнини бошлаган, конгресснинг қуйи палатаси спикери Ненси Пелосига мактуб йўллаб, у бошчилигида демократлар бундай хатти-ҳаракатлари билан давлат тўнтарувини амалга оширишга уринаётганлари ва АҚШ конституциясини бузаётганларини айтган.

    “Демократлар томонидан қуйи палатада ўтказилаётган ушбу импичмент кампаниясига қатъий норозилик билдираман. Бу АҚШ қонунчилигининг 250 йиллик тарихидаги мисли кўрилмаган ва конституцияга зид бўлган ҳокимиятни суиистеъмол қилишликдир”, дейилган мактубда.

    “Бу давлат тўнтарувини амалга оширишга ноқонуний уринишдир. Сиз нафақат менга, балки бутун Республикачилар партиясига қарши чиқмоқдасиз”, деб ёзган Трамп.

    Унинг таъкидлашича, импичментга ҳеч қандай асос йўқ, чунки на бир жиноят, на қоидабузарлик ёки бошқа бир қонунга хилоф хатти-ҳаракат бўлган. “Ноқонуний импичментни давом эттириб, сиз конституцияга содиқ бўлишга берган қасамёдни бузмоқдасиз ва Америка демократиясига қарши уруш эълон қилмоқдасиз”, деб давом этган АҚШ президенти.

    Пелоси, ўз навбатида, Трампга қўйилаётган айбловлар бўйича сенатда 18 декабрда овоз бериш олдидан демократларга мурожаат қилган.

    “Афсуски, фактлар президент шахсий сиёсий фойда учун ҳокимиятни суиистеъмол қилгани ва жавобгарлик, конституция ва АҚШ халқидан устунроқ бўлишни талаб қилиб, конгрессга қаршилик қилганини кўрсатмоқда. Америкада ҳеч ким қонундан устунроқ эмас”, деб ёзган Пелоси.

    АҚШда аноним информатор Трамп Украина президенти Владимир Зеленский билан илк телефон суҳбатида унга босим ўтказишга уринганини маълум қилгандан кейин можаро юзага келганди.

    » » Трамп ўзига қарши импичмент жараёнини давлат тўнтарувига уриниш деб атади