09:15 / 14 февраля 2020
1 019

АҚШ Россия ва Хитой корхоналарига қарши санкциялар жорий қилди

АҚШ Россия ва Хитой корхоналарига қарши санкциялар жорий қилди
Фото: AFP
АҚШ 3 февралдан Россиянинг мудофаа саноати билан боғлиқ учта корхонасига қарши санкциялар жорий қилди. Шунингдек, Хитойнинг 5 та, Ироқ ва Туркиянинг биттадан компанияси ҳам санкциялар остига тушган.
Бу ҳақда АҚШ давлат департаментининг 13 февралда эълон қилинган ҳужжатида маълум қилинган.

Россиянинг “Панцирь-С” зенит-ракета замбараклар мажмуаси устида ишловчи, Тулада жойлашган “Конструкторское бюро приборостроения имени академика А.Г.Шипунова” (Академик А.Г.Шипунов номидаги приборсозлик конструкторлик бюроси), ракета ва коинот техникаси ишлаб чиқарувчи “НПО Машиностроения”, “Вертолети России” холдинги таркибига кирувчи ва “Камов” конструкторлик бюроси вертолётларини ишлаб чиқарувчи Кумертау авиация ишлаб чиқариш корхонаси санкциялар остига тушган.

Бундан ташқари, АҚШнинг санкциялар рўйхатига Хитойнинг 5 та компанияси (Dandong Zhensheng Trade Co., Ltd., Gaobeidian Kaituo Precise Instrument Co. Ltd., Shenzhen Tojoin Communications Technology Co. Ltd., Shenzhen Xiangu High-Tech Co., Ltd., Wuhan Sanjiang Import and Export Co., Ltd), Ироқнинг Kata'ib Sayyid al-Shuhada ва Туркиянинг Eren Carbon Graphite Industrial Trading Company, Ltd. компаниялари киритилган.

Таъкидланишича, ушбу корхоналарга нисбатан санкциялар киритиш қарори Эрон, Шимолий Корея ва Сурияга ядровий, кимёвий, бактериологик қуролларни ишлаб чиқишда ёрдам берувчи технологияларни беришни тақиқловчи оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик ҳақидаги қонунга биноан қабул қилинган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)