12:35 / 19.02.2020
2 466

Diamond Princess круиз лайнерида карантин муддати тугади, йўловчилар қирғоққа туширилиши бошланди

Diamond Princess круиз лайнерида карантин муддати тугади, йўловчилар қирғоққа туширилиши бошланди
Фото: Reuters
Йўловчилари орасида коронавирус тарқалган Diamond Princess круиз лайнеридан 14 кун аввал киритилган карантин бекор қилиниб, йўловчиларга кемани тарк этишга рухсат берилди.

Биринчи бўлиб кемани кекса кишилар тарк этади. Уларни қирғоқда ўнлаб автобуслар кутиб турибди. Лайнерни 19 февралда вирус аниқланмаган 500 га яқин одам тарк этиши мумкин бўлади. Барча йўловчиларни кемадан туширишни 21 февралгача якунлаш режалаштирилган.

Вирус аниқланган ёки касалланганлар билан бир каютада бўлган кишилар қўшимча 14 кунлик карантинга қолишига тўғри қолади.
18 февраль ҳолатига кўра кемада касалланганлар умумий сони 542 нафарга етгани маълум қилинган.
Кемани биринчи бўлиб кекса аёл тарк этган. Ҳаммаси бўлиб кемада 3700дан кўпроқ одам бор.

Круиз лайнери 20 январда Япониянинг Йокогама шаҳридан 4 февралда якунланиши керак бўлган 2 ҳафталик круизга жўнаган. 3 февралда кема ундаги баъзи йўловчилар вирусга чалинган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлардан кейин Йокогама портида текширишга тўхтатилган. Япония соғлиқни сақлаш вазирлиги кемани 14 кунлик карантинга қўйишни талаб қилган.

Охирги маълумотларга кўра, Хитойда коронавирусдан вафот этганлар сони 2 мингдан ошиб кетди. Ўтган кун ичида 135 та ўлим ҳолати қайд этилиб, қурбонлар умумий сони 2004 нафарга етди. Касалланганлар сони 1749 нафарга кўпайиб, 74 мингдан ошиб кетди.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Хитойда илк бор бир кун ичида вирусга чалинганлар сони ундан соғайиб кетганлар сонидан камроқни ташкил қилди. 18 февралда касалликдан фориғ бўлган 1824 киши шифохонадан чиқарилган.

Шунингдек, вирус ўчоғи ҳисобланган Хубэй провинциясидан ташқари бошқа ҳудудларда 15 кундан бери касалланиш ҳолатлари сони камайиши кузатилмоқда: 3 февралда 890 та касалланиш ҳолати қайд этилган бўлса, 18 февралда бор-йўғи 56 та янги касалланиш ҳолати аниқланган.

Хубэйда ҳам энг оғир вазият вирус тарқалиши маркази бўлган Ухан шаҳридагина сақланиб қолмоқда. 18 февралда Уханда 1660 та, провинциянинг қолган ҳудудларида эса бор-йўғи 33 та касалланиш ҳолати қайд этилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Diamond Princess круиз лайнерида карантин муддати тугади, йўловчилар қирғоққа туширилиши бошланди