date
views 2 396

Туркияда коронавирусдан тузалган ўзбекистонлик қиз: «Мусофирликда ҳеч ким дардга чалинмасин»

Туркияда коронавирусдан тузалган ўзбекистонлик қиз: «Мусофирликда ҳеч ким дардга чалинмасин»
Суҳбатдошимиз Наргиза Ғиёсова кўп йиллар “Бекажон” газетасида мухбир бўлиб ишлаган ва айни пайтда Туркиянинг Истанбул шаҳрида. У ушбу давлатда коронавирусга чалинди ҳамда эсон-омон соғайиб кетди.

– Наргиза, қанча вақтдан бери бу давлатдасиз ва қайси соҳада фаолият юритасиз?
– Туркияга 2017 йилда келганман. Бу ердаги аксарият ўзбекистонлик хотин-қизлар каби уй ишида, бир хонадоннинг ичида ишлайман. Аниқроғи, бир қизалоққа энагалик қиламан ва унга рус тилини ўргатаман.

– Ортда қолгани рост бўлсин. Касалликка қандай чалиниб қолдингиз ва у сизда оғир кечмадими?
– Айтганингиз келсин. Ишлайдиган хонадонимга мен энагалик қилаётган қизчанинг бобоси ва бувиси меҳмон бўлиб келишди. Улар бошқа шаҳарда яшаганлари сабабли ҳар доим самолёт билан келиб кетишади. Хуллас, улар келганларидан бир ҳафта ўтиб иситма қилишни бошлашди. Орадан икки кун ўтиб қизалоқнинг дадаси, яна уч кундан кейин менда иситма бошланди. Уларда фақатгина иситма ва ҳолсизлик бор эди, у ҳам бўлса атиги уч кун давом этди.

Менда эса иситмадан кейин йўтал бошланди ва ундан қутулишга қанчалик ҳаракат қилсам ҳам тўхтамади. Аксинча, кун сайин аҳволим оғирлашди. Кўнгил айниши ва иштаҳасизлик қўшилди. Гапиришга ҳам қийналиб қолганимда ва йўтални шифокор аралашувисиз енга олмаслигимни англаб касалхонага бордим. У ерда менга коронавирус ташхиси қўйилди.

Касалхонадан керакли дори-дармонларни бериб, мени уйга жўнатишди ва нафас олиш билан боғлиқ муаммо пайдо бўлганда дарҳол қайтиб келишни ҳамда 14 кун мобайнида карантин қоидаларига қаттиқ риоя қилишимни уқтиришди. Шифокоримнинг ҳар бир айтган гапига риоя қилдим ва Худога шукр, тузалдим. Ҳозир ҳам уйнинг ичида ниқоб ва қўлқоп билан юраман ва ҳимоя воситаларини кунига бир неча бор алмаштираман.

Мен билан бирга яшайдиган дугонам билан гаплашганда ҳам камида бир метр масофа сақлайман. У менинг, мен унинг хонасига кирмаймиз. Дарвоқе, қизчамизнинг бобоси ва бувисида ҳам коронавирус аниқланди ва улар ҳам уйда даволаниб, тузалишди. Худога минг марта шукр, менинг қувончим – Дефне қизалоқ бу касалликка чалинмади.

– ОАВ соҳасида ишлагансиз, Ўзбекистонни албатта мунтазам кузатиб борасиз. Туркия билан Ўзбекистоннинг коронавирусга қарши кураш услубларида қандай тафовут ва ўхшаш жиҳатлар бор?
– Ўзбекистонда карантин Туркияга нисбатан эрта бошланди ва бу самарали чора, деб ўйлайман. Ҳар бир касал албатта шифохонага ётқизилиши ва бутун назоратни давлат ўзи олиб бораётгани жуда яхши бўлди. Автомобилларнинг юрмаслиги, одамларнинг ташқарига чиқмаслиги коронавирус касаллигининг тарқалишига қарши энг кучли қурол.

Туркияда икки ҳафтадан буён шанба ва якшанба кунлари комендантлик соати жорий қилиняпти. Сабаби, бу ерда ҳар куни тўрт мингдан ортиқ киши коронавирусга чалиняпти. Бу комендантлик соати ёрдамида давлат фуқароларни касалликка чалинишдан ҳимоя қилишга уриняпти.

– Интернетда Туркияда комендантлик соати жорий қилингани ортидан тўполонлар, тартибсизликлар, оммавий муштлашувлар содир бўлгани лавҳалари тарқалганди. Сиз яшаётган ҳудудда бундай ҳоллар кузатилмадими?
– Шукр, мен яшайдиган ҳудудда жанжал ва тўполонлар кузатилмади. Аммо кеча соат 23:00га яқинлашишига қарамай жуда кўп киши икки кунлик эҳтиёжларини сотиб олиш учун кўчага чиққан эди. Билишимча, ўша куни Истанбулнинг камида 300 минг аҳолиси ташқарига чиққан.

– Касаллик иш берувчингиз билан муносабатингизга путур етказмадими, ишингизни йўқотмадингизми?
- Бу оилага ишга кирганимга икки йилдан ошди. Улар менга ҳам маънавий, ҳам моддий тарафлама кўмак беришди, барака топишсин. Ишимга таъсири бўлмади. Бу оиланинг аъзосидай бўлиб кетганман. Қизгинамни бир кун кўрмасам соғиниб қоламан.

– Мусофирликдаги бу синов туфайли тушкунликка тушгандирсиз?
– Бу касалликдан кейин ҳаётим иккига бўлинди. Коронавирусдан олдин ва кейин. Ҳозир сиҳат-саломатликда ўтказган ҳар бир кунимнинг қадрига етишни ва бунинг учун Аллоҳимга шукр қилишни ўргандим. Мусофирликда ҳеч ким дардга чалинмасин экан. Мен касал бўлган бўлсам-да, коронавирус ота-онамга жуда кучли руҳий таъсир қилди. Улар мендан узоқда бўлганликлари ва бирор ёрдам бериш қўлларидан келмаганлигидан тушкунликка тушишди.

Отамнинг мен билан видеочақирув орқали гаплашиб туриб, қўллари билан кўзёшларини артганини ва менга қараб кулиб, тузалиб кетишимни дуо қилгани, онам билан икковлари бир-бирига қараб ҳаяжон билан "Қаранг, ўтириб олибди! Ие, бугун бемалол гаплашяпти, кўп йўталмаяпти" деганларини ҳеч қачон унутмасам керак. Биласизми, ҳозир ягона истагим уларнинг ёнида бўлиш ва мен билан алоқадор барча хавотирларини осмонга учириш. Бошқа ҳеч нарсанинг кераги йўқ.

Худо хоҳласа, йўллар очилиб ҳаммаси изига тушса, биринчи қиладиган ишим Самарқандимга қайтиш бўлади.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Туркияда коронавирусдан тузалган ўзбекистонлик қиз: «Мусофирликда ҳеч ким дардга чалинмасин»
-->