17:30 / 09.08.2020
2 037

Ливан инқирози. Байрутликлар ҳукуматни айбламоқда, намойишчилар вазирлик биноларини эгаллаб олган

Ливан инқирози. Байрутликлар ҳукуматни айбламоқда, намойишчилар вазирлик биноларини эгаллаб олган
Байрут аҳолиси портдаги портлашда ҳукуматни айблаб, намойишларга чиқмоқда. 4 август куни камида 158 киши ўлимига сабаб бўлган портлашдан кейин бошланган намойишлар давомида 8 август куни ўнлаб намойишчилар Ташқи ишлар вазирлиги биносини эгаллаб олди. Кўп ўтмай армия уларни вазирлик биносидан сиқиб чиқарган, аммо улар бошқа муассасалар биноларига бостириб киришган.

Ливанликлар ушбу фожиада ҳукуматни коррупция ва масъулиятсизлик туфайли айбламоқда.
Портлаш оқибатида шу вақтгача 158 киши ҳалок бўлгани тасдиқланган, ўнлаб кишилар бедарак йўқолган, 6 мингдан ортиқ киши турли даражада тан жароҳати олган. Портлаш шаҳарнинг бу қисмидаги кўплаб биноларни бутунлай вайрон қилган, шаҳарнинг ярмидаги бинолар турли даражада шикастланган.

Дастлабки қурбонлар орасида француз архитектори, фуқаролар урушидан кейин шаҳарни тиклашда хизмат кўрсатган Жан-Марк Бонфис ва портлашдан кейин воқеа жойига биринчилардан бўлиб етиб келган ўт ўчирувчи Сахар Фарес бўлган. Шунингдек, германиялик дипломатлардан бири портлаш қурбонига айланган.

Пайшанба куни кечқурун ҳукумат Байрут портининг 16 ходими қўлга олингани ҳақида хабар берди.

Макроннинг ташрифи
Франция президенти Эммануэль Макрон 5 август куни Ливанга келиб, Байрут кўчаларини айланди. Ливан ўз вақтида Франция мустамлакаси бўлган ва икки давлат ўртасида алоқалар сақланиб қолган.

Шаҳар аҳолиси вакиллари Макрондан молиявий ёрдам сўрашди ва пулларни «коррупцияга ботган ҳукумат қўлига бермаслик»ни илтимос қилишди. Макрон французларнинг инсонпарварлик ёрдами коррупционерлар қўлига тушмаслигини ваъда қилди.
У шунингдек, мамлакатга янгича «сиёсий тартиб зарурлиги»ни таъкидлади. Макрон Ливан ҳукуматига фақат ислоҳотлар эвазига молиявий ёрдам берилишини маълум қилди.

Маҳаллий аҳоли вакиллари ҳукумат фожиа оқибатларини бартараф этишда сусткашликка йўл қўяётганидан шикоят қилган.
Шаҳарда яшовчилардан бири, режиссёр Жуд Чиҳаб BBC билан суҳбатда шундай деган: «Байрут йиғламоқда, Байрут бақирмоқда, одамлар саросимада, улар жуда чарчашган».

Маҳаллий аҳоли вакилларидан бири, портлашдан кейин шифохонага ётқизилган Чадиа Элмуши Нун шундай деди: «Мен бутун ҳаётим давомида бизни лаёқатсиз одамлар, лаёқатсиз ҳукумат бошқариб келганини ҳис қилдим... Аммо ҳозирги ҳолат - жиноятдир».

Портлаш сабаблари
Ливан президенти Мишель Аун дастлаб портлашга порт ҳудудидаги омборхонада хавфсизлик чораларига риоя қилинмаган ҳолда сақланган 2750 тонна миқдоридаги аммиак селитра сабаб бўлганини расман маълум қилганди.

Кейинроқ у портлашнинг аниқ сабаблари ҳозирча аниқланмагани, тахминлардан бирига кўра, «ташқаридан аралашув эҳтимоли мавжудлиги», портлаш бомба ёки ракета зарбаси натижаси бўлиши ҳам мумкинлиги ҳақида гапирди.
«Мен Франция президентидан ҳавода самолёт ёки ракета бўлганлигини аниқлаш учун аэрофотосуратларни тақдим этишни шахсан сўрадим», деди Аун.

Доимий равишда Ливия билан уруш ҳолатида бўлиб келган Исроил ҳам бу ҳодисага алоқадормаслигини таъкидламоқда.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳодиса сабаби тушунарсизлигини айтган, аммо ўз чиқишида 2005 йилда Ливаннинг собиқ бош вазири Рафиқ Ҳаририй кучли портлаш оқибатида ҳалок бўлганини эслаб ўтган.

Портлаш сабабларини текшириш давом этмоқда. Ливан мудофаа кенгаши айбдорларга максимал даражада жазо тайинланишини маълум қилган.
Ҳарбий суд вакили Фади Ақиқийнинг Ливия миллий ахборот агентлигига айтишича, ҳарбий прокуратура портлаш сабабларини ўрганиш бўйича текширувнинг биринчи босқичини якунлаган.

«Ангарда таъмирлаш ишлари олиб борган ва портловчи моддалар сақланишига масъул бўлган порт маъмурияти кенгаши ва божхона бошқармасидан бўлган 18 киши сўроқ қилинди. Шу вақтгача 16 киши қўлга олинган», - деган Ақиқий.

Халқаро текширув ўтказиш таклифи
Amnesty International ва Human Rights Watch қўшма баёнотида ҳодиса сабаблари бўйича мустақил текширув ўтказишга чақирган.
Макрон ҳам жаҳон ҳамжамиятини «шубҳага ўрин қолдирмаслик учун» фожиа бўйича текширув ўтказишга чақирди. Бу ғоя Ливандаги қатор сиёсатчилар, жамоатчилик фаоллари томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда.

Аммо Ливан президенти бундай текширув асл вазият хато талқин қилинишига олиб келиши, шунингдек, текширув ишларини чўзишини айтган ва бу таклифни қатъий рад этган. Шу билан бирга, 1990 йилда Сурия авиацияси томонидан президентлик саройи бомбардимон қилингач (у 1988-1990 йилларда Ливан бош вазири бўлган), Франция элчихонаси орқали ушбу давлатга қочиб кетиб, 15 йил Парижда қувғинликда яшаган Аун Макрон билан очиқчасига баҳслашмоқчи ҳам эмас.

«Ҳизбуллоҳ» бирдамликка чақирмоқда
Ливандаги шиалар ва «Ҳизбуллоҳ» партияси етакчиси, шайх Ҳасан Насруллоҳ (у Ливаннинг ҳозирги ҳукуматини қўллайди ва парламент вакили ҳисобланади) телемурожаатида фожиа бўйича гапирди.

У ҳам Аун каби халқаро текширувга қаршилигини айтиб, сиёсатчиларни Ливан армиясига ишонишга чақирди.
У миллатни бирликка чақирди ҳамда ташкилотнинг портлашга алоқадорлиги ҳақидаги гапларни инкор этиб, «Ҳизбуллоҳ» портда портловчи моддалар сақламаганини билдирди.

Шунингдек, жаҳон давлатларидан келаётган инсонпарварлик ёрдамлари ва Франция президентининг ташрифи ҳақида илиқ фикрлар билдирган.
«Ҳизбуллоҳ» раҳбари портлаш ташқаридан ҳужум оқибатида рўй берган бўлса ҳам, селитра йиллар давомида портда совуққонлик ва масъулиятсизлик туфайли сақлаб келганини инкор этиб бўлмаслигини қўшимча қилган.

Инқироз ўртасидаги инқироз
БМТ раҳбарияти Ливанда жиддий гуманитар инқироз бошланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Мамлакат шусиз ҳам оғир иқтисодий ҳолатга тушиб қолганди, энди эса бу ҳолат ҳалокатга айланиши мумкин.

БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) баёнотида айтилишича, Байрутда порт вайрон бўлиши мамлакатга озиқ-овқат етказиб беришга жиддий таъсир кўрсатади, бу эса нархлар янада қимматлашига олиб келади. Ташкилот Ливанга озиқ-овқат, буғдой ва ун юбормоқчи.

Портлашдан олдин ҳам ливанликларнинг 75 фоизи ёрдамга муҳтож бўлган, аҳолининг 33 фоизи ишсиз бўлган, миллионга яқин киши ҳаддан ташқари қашшоқликда яшаган.

ЖССТ Ливан соғлиқни сақлаш тизимига ҳам катта зарар етганини маълум қилган, портлаш оқибатида пойтахтдаги жами 500дан ортиқ ўринга эга учта шифохона вайрон бўлган. Бошқа шифохоналар ҳам портлашдан жароҳатланганлар билан тўлиб-тошгани туфайли тизимга юклама ортиб кетган.

ЖССТ Ливанга тиббий буюмлар ва дори-дармон етказиб берган, шунингдек, коронавирусга қарши курашни давом эттириш ва биринчи галдаги зарур воситаларни харид қилиш учун 15 млн доллар ажратишга чақирган.

Портлаш натижасида тиббий ниқоблар, қўлқоплар ва вирусдан ҳимояловчи бошқа воситалар юкланган 17 контейнер ҳам йўқ бўлиб кетган.
Айни вақтда жаҳоннинг кўплаб давлатлари Ливанга ёрдам етказиб бериш ниятини билдирган. АҚШ бу ерга жами 15 млн долларлик озиқ-овқат ва дори-дармон жўнатилганини маълум қилган.

Байрутдаги намойишлар
8 август куни минглаб аҳоли Байрут кўчаларига норозилик намойишига чиқди. Reuters’нинг хабар беришича, Байрут марказидаги Шаҳидлар майдонига етти мингга яқин одам тўпланган. «Қиёмат куни» шиори остидаги намойиш иштирокчилари юқори мартабали амалдорларни жазолашни талаб қилган - намойишчиларнинг фикрича, портдаги портлашга айнан улар айбдор.

Сўнгги кунларда порт ҳудудига киришга уринган икки вазир маҳаллий аҳоли томонидан қувиб юборилган.
Ливан бош вазири Ҳассан Диаб шанба куни мамлакат аҳолисига мурожаат қилиб, портлаш коррупция оқибатида рўй бергани ҳақида гапирди. У шунингдек, инқироздан фақат муддатидан аввалги сайловлар туфайли чиқиш мумкинлигини маълум қилган.

«Бизга янги сиёсий элита ва янги парламент керак», деган бош вазир ва муддатидан аввалги сайловлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга ваъда берган.

Шанба кунги намойишларда 10 мингга яқин киши иштирок этган, байрутликлар порт ҳудудидан шаҳар марказидаги Шаҳидлар майдонигача юриб боришган. Майдонда дорлар ўрнатилган, улар шу йўл билан мамлакат раҳбарияти ҳақидаги фикрларини ифода этишган.

Намойиш вақтида амалдаги ҳукмрон тузумни ағдаришга чақириқлар бўлган, шунингдек, йиғилган «Инқилоб!», дея ҳам ҳайқирган. Рамзий дорнинг ўрнатилиши эса норозилик намойишининг кулминациясига айланган — бу, намойишчиларнинг фикрича, масъулиятсизлиги ва коррупцияга ботгани портлашга олиб келган амалдорлар учун бир огоҳлантиришдир. Намойишчилар кўтарган плакатларда «Истеъфо ё дор!» деб ёзилган эди.

«Бу дор «Ливанда сўнгги 30 йилдан бери ҳокимият тепасида турган» одамларга мўлжалланган», деган намойишчилардан бири Associated Press’га берган интервьюсида. Дорга Ливан президенти Мишел Аун ва «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг суратлари «осилган». CNN’нинг қайд этишича, рамзий дор бундан 100 йил аввал Усмонли салтанати расмийлари исён кўтарган ливанликларни осган жойда қад ростлаган.

Тинч намойишлар полиция билан тўқнашувларга айланиб кетган. Намойишчилар тош ва калтаклар улоқтиришган, полиция кўздан ёш оқизувчи газ ва резина ўқлар қўллаган. Намойишчилар йўлини тўсиш учун парламент биносига баррикадалар ўрнатилган.

Вазирликларда нималар бўлмоқда
Кун давомида ўнлаб намойишчилар вазирликлар ва банк ассоциацияси биноларини қамал қилишган. Аввалига ҳукуматга қарши шиорларни айтиб ҳайқирган ўнлаб кишилар президент Мишель Ауннинг портретини ёқишган ва Ташқи ишлар вазирлиги биносига бостириб киришган.

«Биз уддаладик. Буларнинг барчаси бизники. Полиция ташқарида. Улар бизни тўхтата олишмади», дейди намойишчилардан бири Ребекка BBC мухбирига.

У бинога 100 нафарга яқин намойишчи бостириб киргани, бу бино ҳам сешанба кунги портлашдан шикастлангани ҳақида айтиб берган. У намойишчилар бошқа вазирликлар биноларини ҳам эгаллашни мақсад қилганини қўшимча қилган.

ОАВ маълумотига кўра, намойишчиларнинг бу гуруҳи бир неча соат ўтиб ҳарбийлар томонидан вазирлик биносидан ҳайдаб чиқарилган, аммо улар бошқа вазирликлар биноларига ҳужум қилишган.

Воқеа жойидан олинган кадрларда намойишчилар энергетика, иқтисодиёт ва атроф-муҳит вазирликлари биноларини ҳам эгаллаб олишганини кўриш мумкин.

Шаҳарга қўшимча ҳарбий кучлар киритилган, ҳарбийлар кўчаларда пулемётлар ўрнатилган машиналарда навбатчилик қилишга киришган.
ОАВ маълумотига кўра, тартибсизликлар вақтида камида 700 киши жароҳатланган. Намойишлар вақтида хавфсизлик кучлари ходимларидан бири ҳалок бўлган, яна бир неча нафари ўқотар қуролдан яраланган.

Селитра нега портдан олиб кетилмаганди?
Айни вақтга келиб Ливандаги амалдорлар кўп йиллардан бери аҳоли зич яшайдиган порт ҳудудида аммиак селитра сақланиши хавфи ҳақида била туриб жим келишгани маълум бўлди.

Жамоатчилик ғазабидан чўчиган божхона хизмати ходимлари бу ишга жавобгар эмасликларини кўрсатиш учун ОАВга айрим ҳужжатларни сиздиришган.

Унга кўра, 2014 йилдан 2017 йилгача улар судга камида 5 марта хат жўнатиб, селитрани экспорт қилишга ёки сотишга рухсат сўрашгани маълум бўлган. Бу ҳужжатлардан англашиладики, божхоначилар бу юкдан халос бўлиш учун қўлларидан келган барча ишни қилишган, аммо суд органларидан жавоб бўлмаган.

Аммо воқеалар ривожининг бу талқинида бир нуқта бор.
Al Jadeed нашри журналисти Риёз Кобайси кўп йиллар давомида Байрут божхонаси ва портдаги коррупция мавзусини тадқиқ қилган.

Портлашдан кейинги тунда у ўз талқинини берганди: хат шунчаки тегишли тартибларга мос келмаган ва судья қўшимча маълумот билан тўлдиришни сўраб, хатни қайтарган. Журналистнинг сўзларига кўра, божхоначилар ўша хатнинг ўзини қайтадан юбораверишган.

Транспорт вазирлиги сўровига кўра, судья дастлаб кемани юкдан бўшатишга рухсат берган, бунда юкни барча хавфсизлик чораларига риоя қилган ҳолда керакли жойда сақлаш шартлиги белгиланган.

«Вазирлик юкни портга юборган ва божхонага топширган. Бу катта хато бўлган. Қонун портловчи моддаларни портда сақлашни тақиқлайди», дея Legal Agenda нодавлат ташкилоти вакили Низар Саргийенинг сўзларини келтиради BBC.

«Ҳакам хатога йўл қўймаган, қонун бор, унга кўра, кема хавфли юк билан чўка бошласа, судья уни бўшатишга рухсат бериши мумкин. Вазирлик масъулиятни божхонага топширган. Судья вазирликка, вазирлик эса божхонага», деган у.

Унинг фикрича, юкни сотиб юбориш мумкин эди - божхона бу ҳуқуққа эга бўлган. Ёки уни йўқ қилишга рухсат сўраши ёки рухсатсиз йўқ қилиши мумкин бўлган, лекин бундай бўлмаган.

«Улар қилган бор иш - ўша хатни қайта-қайта жўнатиш бўлган», - дея хулоса қилади Саргийе.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ливан инқирози. Байрутликлар ҳукуматни айбламоқда, намойишчилар вазирлик биноларини эгаллаб олган