08:46 / 25.08.2020
1 086

Минскда Беларусь мухолифатининг мувофиқлаштирувчи кенгаши президиуми аъзолари қўлга олинди

Минскда Беларусь мухолифатининг мувофиқлаштирувчи кенгаши президиуми аъзолари қўлга олинди
Фото: EPA/Vostock-photo
17 август куни президентликка собиқ номзод Светлана Тихановскаянинг ишончли вакили Ольга Ковалькова Беларусда ҳокимиятни тинч йўл билан алмаштириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилганини эълон қилган эди.

Минскда мухолифатнинг мувофиқлаштирувчи кенгаши президиуми аъзолари Сергей Дилевский ва Ольга Ковалькова ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда кенгаш матбуот хизмати хабар берди.

Мухолифат кенгаши вакилларининг ОМОН ходимлари томонидан қўлга олиниши тасвирланган лавҳани "Белсат" телеканали намойиш этди.
Минск ИИББ матбуот котиби Наталья Ганусевичнинг маълум қилишича, Беларусь мухолифатининг мувофиқлаштирувчи кенгаши президиуми аъзолари маъмурий иш доирасида қўлга олинган.

"Улар маъмурий жараён доирасида қўлга олинди", - деди Ганусевич, аммо уларнинг айнан қандай иш бўйича ушланганига аниқлик киритмади.
17 август куни президентликка собиқ номзод Светлана Тихановскаянинг ишончли вакили Ольга Ковалькова Беларусда ҳокимиятни тинч йўл билан алмаштириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилганини эълон қилган эди.

30 нафар аъзодан иборат кенгаш таркибига Тихановскаянинг ишончли вакиллари – Ковалькованинг ўзи ва Николай Козлов, Виктор Бабарико штаби координатори Мария Колесникова, адабиёт бўйича Нобель мукофоти лауреати Светлана Алексиевич, «Весна» ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази раиси, ҳуқуқшунос Алесь Беляцкий, халқаро медиатор Лилия Власова, эркинлик учун ҳаракат раҳбари ва сиёсатчи Юрий Губаревич, «Великий Камень» парки маъмурияти раиси Алесь Дуко, ҳуқуқшунос Максим Знак, киносценариячи Андрей Курейчик, педагог Евгений Ливянт, «А-100» компаниялари гуруҳи раиси Александр Центер, рассом Владимир Цеслер, BELBIZ компанияси асосчиси Татьяна Маринич, иқтисодчи Сергей Чалий ва бошқалар киритилди.

20 август куни Беларусь тергов қўмитаси томонидан мувофиқлаштирувчи кенгаш устидан жиноят иши очилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)