16:38 / 12.01.2021
3 882

Россиялик блогер Илья Варламов Андижондаги «самосуд»дан кейин Ўзбекистонга келиш фикридан қайтди (видео)

Россиялик блогер Илья Варламов Андижондаги «самосуд»дан кейин Ўзбекистонга келиш фикридан қайтди (видео)
Кадр: YouTube
Россиялик таниқли блогер Илья Варламов Андижонда содир бўлган «самосуд»дан кейин Ўзбекистонга келиш фикридан қайтди. Бу ҳақда у ўзининг Угандага бағишланган видеоблогида маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, Андижон вилоятида йўл-транспорт қоидаларини бузган ҳайдовчиларни видеога олганликда гумон қилинган эркак «самосуд» қилинган эди. Унинг ўзи эса шунчаки бозордаги нархларни расмга олаётганини таъкидлаган. Кейинроқ «самосуд»да иштирок этган беш нафар фуқаро жамоат жойида турли ҳақоратли сўзлар билан бақир-чақир қилганлиги учун ҳар бири БҲМнинг 3 баравари миқдорида жаримага тортилган.

Блогер ушбу вазиятга изоҳ бериб, баҳорда, коронавирусга боғлиқ вазият барқарорлашганидан сўнг Ўзбекистонга амалга оширмоқчи бўлган ташрифидан қўрқаётганини маълум қилган.

«Мен қўрқяпман, Андижонда юкхонага тиқишларини истамаган бўлардим. Тўғрисини айтганда, Ўзбекистонга борсам, юкхонага тиқиб, дарахтга боғлаб қўйишларидан бироз хавотирдаман», — дея ҳазиллашади Варламов.

Блогер Угандани мисол қилиб кўрсатган. Унинг сўзларига кўра, у қишлоқ марказида юзлаб одамлар қуршовида видео суратга олган ва ҳеч ким унга эътибор ҳам қаратмаган, тажовузкорлик кўрсатмаган.

Шу билан бирга, Варламов йўл-ҳаракати қоидаларининг бузилганини қайд этиб, юборганлар учун тўланаётган мукофот тизимини мақтаган.
«Қоидалар бузилишини жўнатганлик учун мукофот олиш тизими — жуда яхши. Умид қиламанки бизда ҳам (Россияда — таҳр.) қачондир ишлашни бошлайди», — дейди у.

Аввалроқ Варламов ўз блогида 2010 йилнинг апрелида «Йўл қайдлари. Учинчи кун, биз қандай қилиб Ўзбекистонга етиб олдик?» сарлавҳаси остида пост эълон қилган эди. Блогер унда Қозоғистондан Ўзбекистонга чегарадан қандай қилиб ўтгани, Ўзбекистон чегара постлари 8 соатгина ишлаши, чегарадан ўтаётганда барча техникалар ва пулларни декларацияга киритиш лозимлиги ҳақида ёзган. Шунингдек, у ўзбекистонлик чегарачилар фотоаппаратининг флеш-хотирасидаги суратларни текширганини ҳам қайд этиб ўтган.

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси бунга муносабат билдириб, Илья Варламов сўнгги 5 йилда Ўзбекистон—Қозоғистон чегарасидаги автомобиль ўтказиш пунктлари орқали умуман ҳаракатланмаганини ва бошқа маълумотларни ошкор қилган.

Варламов Давлат божхона қўмитасининг ушбу хатти-ҳаркатига жавобан «Россия фуқароларининг шахсий маълумотлари ва сафари тафсилотларини ошкор этишни тўхтатишни таклиф қилган».

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россиялик блогер Илья Варламов Андижондаги «самосуд»дан кейин Ўзбекистонга келиш фикридан қайтди (видео)