17:20 / 14.07.2021
2 952

«Толибон» Туркияни Афғонистондан ўз қўшинларини олиб кетиши ҳақида қатъий огоҳлантирди


Фото: Reuters
«Толибон» 13 июль куни Афғонистондаги Туркия қўшинлари юзасидан расмий баёнот берди, деб ёзмоқда EADaily нашри.

«Туркия раҳбариятининг қарори бизнинг суверенитетимиз ва ҳудудий яхлитлигимизни бепарволик билан бузиш ҳамда бизнинг миллий манфаатларимизга зиддир», — дейилади баёнотда. «Биз турк расмийларини ўз қарорларини бекор қилишга чақирамиз, чунки бу иккала давлатга ҳам зарар етказади. Биз ҳар қандай давлат қўшинларини ҳар қандай баҳона билан бизнинг мамлакатда бўлишини босиб олиш деб ҳисоблаймиз. Шунинг учун босқинчиларга қарши ҳижрий 1422 йилги (2001 йил) фатвога асосан курашамиз, унга кўра, сўнгги 20 йил давомида олиб борилган уруш жиҳод ҳисобланади».

«Толибон» вакилларининг айтишича, агар Туркия ўз қарорини бекор қилмаса, «барча оқибатлар учун жавобгарлик бошқаларнинг ишларига аралашадиган ва бундай шошилинч қарорларни қабул қиладиганлар зиммасига тушади».

Июнь ойи бошида «Толибон» вакили АҚШ ва «Толибон» ўртасидаги келишув доирасида Туркия ҳам Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиши кераклигини айтганди.

«Толибон» Анқаранинг ўз қўшинларини Кобул аэропортини қўриқлаш учун қолдириш ҳақидаги таклифларига шу тарзда жавоб қайтарди. Шунга қарамай, Туркия Кобул халқаро аэропортида назорат ва хавфсизлик учун ўз ҳарбийларини қолдиришини эълон қилди.

Айни пайтда Туркия мудофаа вазири Хулуси Акар Туркия ва АҚШ ўртасида Кобул халқаро аэропортининг бошқаруви ва хавфсизлиги бўйича музокаралар давом этаётганини айтди. Мудофаа бўлими бошлиғи турк аскарлари 20 йилдан бери Афғонистонда ўз вазифаларини адо этиб келаётганини эслатиб ўтди.

«Бу йиллар давомида биз ҳарбий топшириқларда иштирок этмадик, хавфсизлик ходимларига кўрсатма бериб турдик, объектларни таъмирлаш, тиклаш ва қуриш билан шуғулландик. Олти йилдан бери Кобулдаги аэропортни бошқарамиз. Бизнинг мақсадимиз афғон халқи хавфсизлиги ва фаровонлигига ҳисса қўшишдир. Пойтахтдаги аэропорт ўз ишини давом эттириши керак. Акс ҳолда, Афғонистон яккаланган давлатга айланади, бу халқаро майдонда жиддий хавф туғдиради», — дея вазирнинг сўзларини келтирди Anadolu агентлиги.

Шу билан бирга, у Анқара «Толибон»нинг ҳаракатларини, шу жумладан, Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарадаги вазиятни синчковлик билан кузатаётганини таъкидлади. «Туркия йўналиши бўйлаб қочқинларнинг янги тўлқини пайдо бўлиши масаласи биз учун муҳим. Айни пайтда бундай муаммо йўқ», — деди Хулуси Акар.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Толибон» Туркияни Афғонистондан ўз қўшинларини олиб кетиши ҳақида қатъий огоҳлантирди